Зуҳра Солиева илк муҳаббат изтиробларини ошкор этди

11:09, 14 июль

Актриса Зуҳра Солиеванинг образларини кузатганимизда юзимизга беихтиёр кулги югуради. Бироқ бу образлар замирида ижодкорнинг изтироб ва машаққатлари яширин. Зуҳра Солиева “Тасвир” газетасига берган интервьюсида илк муҳаббат изтироблари ҳақида гапириб берди.

“Илк муҳаббат! Билмайман, илк муҳаббат менда қачон бўлган? Аммо менга ким севги изҳор қилса, ўша болани урардим. Синфдош қизлар эса, “жинни севиб қолса яхши-ю...” дейишарди. “Йўқ, нега мени севасан? Ҳей, катта танаффусда мактабнинг орқасига ўтгин!” дердим-у, урардим. Бир синфдошим мени севиб қолиб, лекин мендан қўрққанидан айтолмай юрган экан. Ўрнимга дарс қилиб келарди. Бир сафар биология дарсида мен учун керакли кўргазмага қўйиладиган нарсаларни тахтадан ёндириб, чизиб, тайёрлаб келган. Мен эса, “Нега мен учун тайёрлаб келасан?” деб, олиб келган нарсасини синдириб ташлаганман. Бечоранинг икки кўзи ёшга тўлганди. Ҳеч ўша ҳолат, унинг йиғлагани кўз олдимдан кетмайди. Неча йил давомида унга гапирмаганман. Орадан анча йил ўтгач, Тошкентда учрашиб қолиб, ўша воқеани эслаб роса кулганмиз. Ўзи раҳматли эгизагим Фотима билан ўхшаш бўлганимиз учун биримизни ёқтирган одам, иккинчимизни ҳам ёқтириб қоларди. Фотима жуда назокатли, босиқ қиз эди. Мен эса унинг акси жуда шўх эдим. Шунда ҳам яхши кўриб қолишарди. Биров мени ёқтириб қолса, “Бор, Фотимани сев, у нозикроқ”, дердим, унга гапирса, “Бор, Зуҳрани сев бир хилмиз-ку!” дерди.  Дадамнинг бир шогирди бор эди. Илк маротаба унга кўзим тушганда юрагим ғалати бўлган. Ўша севги бўлса керак-да. Ўша йигит совчи юборганда баъзи қўшниларим турли ғийбатлар билан орамизни бузган. Ана шу ғийбатлар туфайли роса изтироб чекканман. Буни қарангки, йиллар ўтиб ўша қўшниларимнинг айтган гаплари ўзларига қайтган”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!