Ёдгор Саъдиев: “Яна етим бўлиб қолдим...”

11:39, 14 июль

Саъдиевлар хонадони оғир жудоликни бошдан кечирди. Ёдгор Саъдиевнинг рафиқаси санъатшунос олима Зайлихон Саъдиева хасталик туфайли бу ёруғ дунёни тарк этди. Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ўз кечинмалари ҳақида “Бекажон” газетаси билан ўртоқлашди.

“Отам оламдан ўтгандан сўнг икки ойдан кейин мен туғилганман. Онам акам иккимизни оқ ювиб, оқ тарадилар. Бировдан кам қилмай вояга етказиб, ўқитдилар, уйли-жойли қилдилар. Онам раҳматли отам йўқлигини билдирмай, акам иккимизни халқ артисти даражасига етказдилар. Биз онамга суяниб қолган эдик. Онамнинг вафотидан кейин етим бўлиб қолдим. Зайлихон етимлигимни сездирмади. У ниҳоятда доно аёл эди. Мен билан елкама-елка туриб, ижод қилишимга кўмаклашди. Унинг оқилона маслаҳатлари ҳаётимда ва ижодимда кўп бора фойда келтирган. 55 ёшга тўлганимда, юбилей кечасида “Себзорлик йигит” деган китобини нашр эттириб, совға қилганди... Зайлихонда аёлий фазилатларнинг барчаси мужассам эди. Ҳар бир нарсага тўғри назар билан қарарди, ҳар бир муаммонинг ечимини тўғри топа оларди. Шу пайтгача менга кўз ёшини кўрсатмаган, дардга жудаям чидамли, шу билан бирга кучли ва матонатли аёл эди. 1976-1980 йилларда гастроль сафарига кетганимда, чиройли сатрлар билан соғинч мактубларини битарди. Ҳар куни эрта тонгда уйғонганимда жилмайиб, қарши оларди. У ўқимишли ва зиёли аёл эди. Ҳеч қачон ғийбат қилганини, кимнидир ёмонлаганини эшитмаганман. Зайлихон эрта вафот этади деб ўйламагандим. У мени ёлғизлатиб кетди. Зайлихоннинг вафотидан кейин яна етим бўлиб қолдим. Аммо фарзандларим ва набираларим етимлигимни билдиришмаяпти. Мен Зайлихон учун ҳам яшашим керак.

Азизларим! Сизларга айтар гапим, бир-бирингизни асраб-авайланг. Умрингизнинг ҳар дақиқаси ғанимат эканлигини унутманг!”

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!