Наргиза Абдуллаева: “Энг катта душманинг турмуш ўртоғинг бўлар экан”

12:44, 14 июль

Баъзида аёлнинг кўзлари қувнаб турса-да, унинг қалби йиғлаётганини ҳеч сезганмисиз? Ёки бу мўъжизавий хилқат ўзини бахтли қилиб кўрсатса-да, аслида бахтсизликдан азият чекса-чи? Актриса Наргиза Абдуллаева бу ҳақда “Бекажон” газетаси билан дардлашди. 

“Оила деб аталмиш мактабда ҳам анча ҳақиқатларни англаб етдим. Аёл фақат ўзини қурбон қилиб эгилаверса, уни аямасдан тепиб ўтишаркан. Кўпни кўрган онахонларимиз бекорга аёл сирли хилқат бўлиши, ҳаттоки оилада ҳам барча сирларни очиб ташламалик кераклиги ҳақида уқтиришмас экан. “Энг катта душманинг турмуш ўртоғинг” деган ҳақиқатнинг борлиги ҳам жуда қизиқ. Чиндан ҳам йиллар давомида энг яқин сирдошингга айланган, барча сирларингдан воқиф бўла туриб, кейин аёвсиз равишда юзингга соладиган инсон, душман бўлмай ким?! Санъаткор аёл бўладими, эркак бўладими, ҳар иккаласига осон тутманг. Унинг ўзи эмас, балки айнан турмуш ўртоғи “юлдузлик касал”ига чалинса-чи? Таниқли ва севимли жуфти ҳалоли учун хурсанд бўлишнинг ўрнига, ғайирлик қилса, бунинг натижаси яхшилик билан тугайдими? Касбингиздаги аслида сизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган баъзи бир нохуш ҳолатлар деб бошингиз балога қолиб кетиши ҳам санъаткор аёлни қийнайдиган вазиятлардан биридир. Бора-бора ҳамманинг олдида ўзингни бахтли кўрсатиб, қон ютиб яшашдан чарчар экансан... Очиғини айтсам, шу кунгача берган интервьюларимда ёлғон гапириб чарчадим. Энди ҳақиқатни айтмоқчиман. Шу пайтгача “айёр рафиқа” бўлгин деган гапларга эътибор бермасдим. Турмуш ўртоғим учун доим очиқ бўлишим шарт деган қоида билан яшадим. Бундан панд едим. Аёл киши оиланинг, рўзғорнинг юкини нозик елкасида кўтариб юришдан чарчар экан. Кези келганда, ўз ҳимоячисига суюниб, эркалик қилишни истайди. Қачонки, оилада эркак ва аёлнинг вазифалари алмашиб қолар экан, бундай муносабатларга дарз кетади. Аёл учун том маънодаги ёлғизлик нималигини биласизми? Аслида севимли кишисиз яшаш эмас, балки оилада ўша эркаги бўла туриб, ўзини кераксиздай ҳис қилиш ва таҳқирлангандек умр кечиришидир. Шу пайтгача не-не гапларга чидамадим дейсиз, вақти келганда бировдан боласи бормиш деган туҳматларга ҳам қолдим. Ҳалол яшаб туриб, ҳар қадамда турли таъналарни эшитавериш одамга алам қиларкан. Эр ва хотиннинг ҳамжиҳат бўлиб, муҳаббат иқлими ҳар қандай майда дилхираликларни ювиб юборадиган оилаларга ҳавас қиламан”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!