Безорилар ички ишлар ходимига ҳужум қилди

14:35, 15 июль

Мамлакатимиздаги ҳар бир гўшада  осойишталикни таъминлаш, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, давлат тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг мол-мулк ва хонадонлари бекаму-кўст сақланишида қўриқлаш тизимидаги ички ишлар идоралари ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Ўша куни Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси 4-алоҳида милиция батальони 1-милиция отряди бўлинма командири, кичик сержант Бобир Мирзаев ўзининг автомашинасида, Ғузор тумани Эшонқудуқ қишлоғи ҳудудида жойлашган махсус объектларда қўриқлаш ишларини амалга ошираётган ходимлар фаолиятини текшириш мақсадида йўлга тушган эди. Шу пайт оқ рангли, давлат рақамлари ечиб қўйилган “Нексия-2” русумли автомашинаси  унинг орқасидан кузатиб келаётганини пайқаб қолди. Ҳалиги машина шу заҳоти уни  қувиб ўтиб, йўл четига тўхтади.

Шу вақтда, улардан  чамаси 700 метр узоқликдаги йўл четида давлат рақамлари ечиб қўйилган яна бир қора “Нексия-2”  тўхтаб турарди.

Ғузор тумани Эшонқудуқ қишлоғида аҳолисидан олинган  маълумотларга кўра, оқ “Нексия-2” автомашина ҳайдовчиси, газ конденсати маҳсулотларини ўғирлаб сотиш билан шуғулланувчи фуқаро Т.Х. (исм-фамилияси  ўзгартирилган) экани маълум бўлди. 

Т.Х. автомашинасидан тушиб, кичик сержант Б.Мирзаевнинг машинаси йўлини тўсиб чиқди. Кичик сержант дарҳол машинасини четга олиб, тормозни босди.  Т.Х. эса ҳе йўқ, бе йўқ  автомашина эшигини очиб, Б.Мирзаевга ўшқирди:

— Сен бу ерда  нима қилиб  юрибсан? Нега ишимизга бурун тиқяпсан? Очиғи, сен жонимизга тегиб кетдинг! Сени ўлдириб юбориш қўлимиздан келади!

Шу вақтда оқ рангли “Нексия-2” автомашинасидан тўрт нафар шахс темир бўлаклари ва таёқлар билан қуролланган ҳолда тушиб келишди. 

—  Машинасининг балонини тешларинг, — буюрди “тўдабоши” Т.Х. шерикларига ва  ўзи кичик сержант Б.Мирзаевни автомашинадан тортиб туширишга ҳаракат қилди.

Хавфни сезган кичик сержант безориларнинг таҳдидидан ўзини йўқотиб қўймади. Т.Х.ни қўлини силтаб ташлади-да, ёнидаги ПМ-русумли табель қуроли — тўппончасини ғилофидан чиқариб, жанговар ҳолатга келтирди.  

Шунда, Т.Х. кичик сержант Бобурнинг қўлига тирмашиб, тўппончани тортиб олишга уринди. Бироқ Бобур чаққонлик билан Т.Х.ни  ўзидан нари итарди. 

— Менга яқинлаша кўрмаларинг! – Бобур шундай дея машинадан чиқмаган ҳолда тўппончадан бир маротаба осмонга қарата огоҳлатириш мақсадида ўқ узди.

Т.Х ва унинг шериклари бу сигналга парво ҳам қилишмади. Аксинча, мазах қилгандек тиржайиб яқинлаша бошлашди: 

— Қани от, нега чўчияпсан? Қўлингдан келадими?

Бу кимсалар билан муроса қилиб бўлмаслигига кўзи етган Бобир машинадан тушди ва яна икки марта осмонга ўқ узди.

—  Сизлар билан ҳазиллашаётганим йўқ! Менга яқинлашманглар, акс ҳолда, бу гал ўқни сизларга қарата узишга мажбур бўламан!

Таҳдид солувчи шахслар уни ўраб олишмоқчи бўлишганда,  у яна икки маротаба уларнинг автомашинасига қарата ўқ узди. Шундан сўнг, улар ўз машиналарига ўтириб, 700 метрча нарида, йўл четида тўхтаб турган, рақамсиз қора “Нексия-2” олдида тўхтади. Ҳар иккала машинадаги шахслар тўпланиб, бир муддат нималарнидир муҳокама қилишди. Кейин яна ўз машиналарига чиқишди-да, кўздан ғойиб бўлишди. 

Кичик сержант Б.Ж.Мирзаев воқеа жойидан кетмаган ҳолда содир бўлган ҳолат бўйича дарҳол вилоят Ички ишлар бошқармасининг  навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, ҳодиса юзасидан  ахборот берди. Орадан кўп вақт ўтмай олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қочиб қолган жиноятчи Т.Х. ўз автомашинасида қўлга олинди.

Ҳозирги пайтда ҳолат юзасидан жиноятчи Т.Х.нинг давлат рақамлари ечиб қўйилган қора рангли “Нексия-2” автомашинасида қочиб қолган шерикларини аниқлаш борасида тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Элмурод Қўзиев,
“Қўриқлаш” бирлашмаси Матбуот гуруҳи катта инспектори

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!