2016 йилнинг ярим йиллик якунларига кўра Ўзбекистонда ЯИМ 7,8 фоизга ўсди

10:48, 18 июль

2016 йил 15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди, дея хабар беради ЎзА. 

Мажлисда иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсиши таъминлангани қайд этилди. Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади. 

Молия-банк тизими барқарорлигини янада ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар банклар жами капиталининг 23,3 фоизга ва депозитларнинг 27,7 фоизга ўсишини таъминлади, бу иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг 26,2 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир. 

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш, диверсификациялаш ва оптималлаштириш дастурий чора-тадбирларини фаол амалга ошириш давом эттирилди. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга давлат буюртмаси жорий этилди. Ғўза майдонлари қисқартирилди, бўшаган майдонларга мева-сабзавот экинлари экилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга кўпайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!