Фарзанд тарбиясида адашганим қимматга тушди!

11:50, 18 июль

Уйимизда Саидага бир соқол қўйган ёшгина йигит дарс ўтиб ўтирибди

Самарқанд вилоятининг чекка бир қишлоқларидан бирида яшаймиз. Турмуш ўртоғим қўли гул уста, ўзим туманимиздаги бозорчада кийим-кечак сотиш билан шуғулланаман. Уч нафар фарзандимиз бор. Каттамиз қиз, ундан кейин икки ўғлимиз дунёга келган. Тўнғичнинг қиз бўлиши яхши экан-да. Онага ёрдамчи, тайёр дастёр бўларкан. Қизим Саида укаларини кўтариб катта қилди, улғайгани сари менга кўмаклашиб, уй ишларини қўлимдан олди.   Кун кетидан кун ўтиб, қизимнинг камолидан хурсандчилигим ичимга сиғмас эди.

Пул топиш илинжида асосий вақтимни бозорда ўтказиб, фарзандларим, айниқса, қизимга вақт ажратиш эсимга ҳам келмабди. Ундаги ўзгаришларни пайқамабман. Қачонки ҳижобга кирмоқчилигини айтганда ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Тўғриси, замонавий кийим кийишга анчагина ўч бўлган қизим нега бирдан ўзгариб қолганига ақлим етмади. Ундан бу ҳақда сўраганимда, шунча пайт гуноҳга ботиб замонавий кийиниб юргани, энди эса ўзини динга бағишлаш нияти борлигини айтди. Саидага ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим, лекин у билганидан қолмас эди. Турмуш ўртоғим менга ҳам қизимга ҳам танбеҳ берди.

Икки-уч кун узоғи билан бир ҳафта қизимизнинг ҳаракатлари, ўзини тутишидан хавотирланиб юрдик. Кейин эса мен ҳам дадаси ҳам бу ҳақда тўхталмай қўйдик. Мен бозорда, турмуш ўртоғим бировларнинг уйида устачилик қилиб кун ўтказиб, яна аввалгидай яшашда давом этдик. Саиданинг ҳижобда юриши, беш маҳал намоз ўқишига кўникиб қолдик. Қайтага бундан ғурурланиш ҳисси уйғона бошлади. “Биз қилмаган ишларни қизимиз бажаряпди”  деб бошқаларга мақтаниб юрдим. Ҳар куни кечки пайт Саида нималарнидир дафтарига ёзар ёки бўлмаса ёзилган нарсаларни ўқирди. Бир куни ундан дафтардаги нарсаларни ким ўргатаётгани ҳақида сўраганимда, китоблардан кўчириб ёзаётганини айтди. Дафтарини очиб ўқиб кўрдим,  диний дуолар экан, биронтасига ҳам тушунмадим.

Аста-секин Саида бизга иймон-эътиқод, дин, ота-она ва фарзандларнинг бурчлари ҳақида панд-насиҳатлар бера бошлади. Бундан дадасининг жаҳли чиқди. Ундан диний амалларни кўр-кўрона бажаришни бас қилишни қатъий талаб қилди. Унга ким таъсир ўтказаётгани ҳақида суриштира бошлади. Саиданинг телефонини олиб қўйди. Шунда ҳам қизимиз уйга қамалиб олиб диний китоблар ва дафтарига ёзилган диний маълумотларни ўқишни тўхтатмади. Унга ким қандай таъсир ўтказаётгани ҳақида ўйлардик. Мен-ку бунга унчалик эътибор бермай, бозордаги ишларимни битириб юравердим. Лекин турмуш ўртоғим қизимизнинг ҳаракатларидан  қаттиқ сиқилди. Ҳатто ароқ ичишни бошлади. Буни кўрган Саида отасига янада кўпроқ насиҳат қилар, баъзида иккаласи жанжаллашиб ҳам қоларди. Шу-шу ота ва қиз ўртасига совуқчилик тушди. Турмуш ўртоғим қизимиз насиҳат қилган куни атайлаб кўпроқ ичиб келадиган одат чиқарди.

      Бир куни бозордан эртароқ уйга келсам, не кўз билан кўрайки, уйимиздан бегона эркакнинг овози эшитилди. Сумкамдан калитимни олдимда дарвозани аста-секин очдим ва яна қулфлаб қўйдим. Овоз чиқаётган томонга юрдим. Деразадан қулоқ солсам, кимдир араб тилида дуо ўқияпди. Унинг кимлигини билиш учун эшикни бориб очишга сабрим етмади. Шартта деразани очиб ичкарига қарасам Саидага бир соқол қўйган ёшгина йигит дарс ўтиб ўтирибди. Улар мени кўриши билан бир қўрқиб тушди ва ўринларидан туриб олди. “Мана энди билдим қизимизга ким таъсир қилаётганини, миясини заҳарлаётганини” десам “ундай деманг опа биз оллоҳ йўлида билим ўрганяпмиз” дейди йигит.

Овозим борича бақириб уришай десам, қўшнилар бор, шарманда бўламан. Қизимнинг номи қора бўлади. Сассиз йиғлардим. Йигитнинг кимлигини сўрадим, қўшни қишлоқдан экан. Қарийб бир ойдан буён уйга  келиб қизимга диндан дарс бериб юрган экан. На мен на турмуш ўртоғим бу ҳақда бехабармиз. Эътиборсизлигимиз шу ерда билинди. Саида ва қўшни қишлоқда яшовчи бу йигит телефон орқали танишгани, улар бир-бирлари билан  дин борасида суҳбат қуриши ҳақида менга маълум қилишди. Қизимга бошқа телефон қилмаслиги ва бу ерга қадам босмаслигини, акс ҳолда милицияга арз қилишимни  айтиб, йигитни уйдан ҳайдаб солдим. Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида турмуш ўртоғимга билдирмадим.

Орадан уч кун ўтиб уйимизга участка нозири ва яна уч нафар киши  келди. Улар Саидани туман ички ишлар бўлимига олиб кетаётганини маълум қилди. Нима учун олиб кетаётгани ҳақида ўша жойда тушунтиришини билдирди. Дадаси ва мен шоша-пиша туман ички ишлар бўлими идорасига бордик. Йўлда кетгунча, турмуш ўртоғимга икки-уч кун олдинги воқеани чала-чулпа гапириб бордим. У ерга борганимизда маълум бўлдики, уйимизга келиб Саидага диндан дарс бериб юрган йигит ва унинг бошқа шериклари динни ниқоб қилиб, давлатга қарши ноқонуний ишлар билан шуғулланиб юрган нопок кишилар экан. Қизимиз ҳам уларга аралашиб қолибди. Бу гапларни эшитдим-у, кўз олдим қоронғилашиб, музлаб кетдим. “Қизимда айб йўқ унинг ўрнига мени жазоланглар, ҳамма айб менда унга вақт ажратолмадим” пичирлайман. 

Бозорга чиқиб, озгина пул топганимга ҳурсанд бўлиб, фарзандларимга вақт ажратишни ўйлаб ҳам кўрмабман мен аҳмоқ! Бу дунёда ҳеч  бир нарса билан  ўлчанмайдиган, пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар борлигини англаб етдим! Фақат энди жуда кеч! Бошим деворга тегди-ю, кўзим очилди.  Фарзанд тарбиясида адашганим қимматга тушди.

“Вақтинг кетди — бахтинг кетди” деб бежиз айтишмас экан. Бозорга чиқиб пул топаман деб фарзанд тарбиясига вақт ажратолмаганим учун бахтимдан айрилдим. Фарзандни дунёга келтириш билан иш битмаслиги, унинг тарбияси билан ўз вақтида шуғулланиш нақадар муҳим эканлиги менинг ҳаёт йўлимда яна бир бор ўз исботини топди.

Феруза Очилова,  Самарқанд вилояти

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!