Алмати полицияси биноси ўққа тутилди

15:35, 18 июль

Алмати шаҳар Алмалин туманида жойлашган ички ишлар бошқармаси биноси ёнида отишма бўлди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Қурол кўтарган номаълум шахс ички ишлар биносидан унча узоқ бўлмаган ерга жойлашиб, омма учун хавф туғдирди. Гувоҳларнинг маълумот беришича, отишма оқибатида икки киши ҳалок бўлди.

Қозоғистон ИИВнинг хабар беришича, қора кийимдаги номаълум шахс полиция биносига қарата ўт очган, кейин машина тўхтатишга ҳаракат қилган ва воқеа жойидан яширинган. “Интерфакс” берган маълумотга кўра, қуролланган шахс диний оқим тарафдорларидан биридир. Айни пайтда фавқулодда воқеа содир бўлган туман полициячилар томонидан ўраб олинган.

Ҳозирда шаҳарда отишма овозлари янграб турибди. Воқеага гувоҳ бўлганларнинг маълумот беришича, қурол кўтарган эркак Байтурсинов номли кўчага йўл олган ва Абай проспекти билан Байзаков кўчаси кесишмасида, миллий хавфсизлик биноси ёнида икки кишини отиб ўлдирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!