Дунёнинг тақдирини ҳал этувчи сиёсатчи аёллар қандай яшайди?

16:45, 18 июль

Дунёнинг тақдирини ҳал этувчи сиёсатчи аёлларнинг қандай яшаши билан сизни “Lady.mail.ru”  нашри таништиради.

Маргарет Тэтчердан сўнг илк маротаба Қўшма Қироллик бош вазири лавозимини Дэвид Кэмерон истеъфога чиққандан кейин мамлакат собиқ ички ишлар вазири Тереза Мэй эгаллади. Сиёсат билан шуғулланувчи аёлларнинг давлат ишларидан қўли бўшаганда яна нималар билан шуғулланиши  сизларга қизиқ бўлишини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳақда ҳикоя қилишни лозим топдик.

Тереза Мэй
59 ёшда, Буюк Британия бош вазири

Тереза Мэй турмуш ўртоғи банкир Филипп Мэй билан Оксфордда ўқиб юрганда танишган. Улар кичкинагина Соннинг шаҳарчасидан уй олишган, Жорж ва Амаль Клунилар унинг ён қўшниси ҳисобланади. Эр-хотин Альп тоғларида пиёда юришни хуш кўради. Тереза Мэй турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечирса-да, фарзанди йўқлигидан қалби кемтиклигини яширмайди. Унга оналик бахти насиб бўлмаган.   

“Бизнинг фарзанд кўриш имконимиз йўқ. Тақдирга тан бердик ва олға юришда давом этмоқдамиз. Бу камчилигим учун ҳеч ким мени айбламайди, деб умид қиламан. Менга бошқаларни тушуниш, ғамхўрлик, хайрихоҳлик қилиш туйғулари бегона эмас”,  дейди Тереза Мэй.

Тереза Мэй ёрқин рангли ва декольте кўйлак кийишни ёқтиради. Унинг қоплон териси нақши туширилган туфли кийишни хуш кўриши ҳақидаги хабарни, бош вазир лавозимига тайинлангани ҳақидаги хабардан сўнг муҳокама қилмаган одам қолмади. Бош вазирнинг фикрича, бошқаларнинг гапига кириб, инсон ўзлигидан воз кечиши шарт эмас. “Донолик билан бирга кийим-кечакни ҳам севиш мумкин. Карьерага эришгандан кейин ҳам кийим-кечакни яхши кўриш мумкин!”дейди у.

Ангела Меркель
61 ёшда, Германия канцлери

Меркель икки маротаба турмушга чиққан. У ўзининг биринчи никоҳини ёшлик хатоси деб ҳисобласа, иккинчисини аксинча, бахтли никоҳ деб атайди. Ангеланинг турмуш ўртоғи  Иоахим Зауэр омма олдида ўзини кўз-кўз қилишни ва дабдабабозликни ёқтирмайди. У рафиқаси билан бирор жойга борадиган бўлса, хусусий самолётда эмас, давлат самолётида учади. Рафиқасига театрдан тортиб, пиёда сайр қилишгача ҳамроҳлик қилади.

“Мен аёлларнинг тенг хуқуқлиги учун курашадиган феминистманми? Йўқ, мен ҳукумат тепасида ўтирган аёл намунаси бўлсам-да, феминист эмасман. Агар ўзимни улардан бирига тенглаштирадиган бўлсам, ҳақиқий феминистлар мендан ўпкалаган бўларди”, дейди Ангела Меркель.

Меркелнинг ҳам фарзанди йўқ, шунга қарамай, давлат ишларидан бўш пайтида боғда ишлашни, футбол томоша қилишни, овқат пиширишни яхши кўради. Ҳар куни эрталаб ўз қўллари билан эрига нонушта тайёрлашга ҳам вақт топади. Унинг кийиниши ҳам ўзига хосдир. У бир пайтнинг ўзида хилма-хилликни ҳам ёмон кўради ҳам яхши кўради. “Канцлер ҳар доим турли рангдаги бир хил пиджакда юради”, деб кулгига олади ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

Эльвира Набиуллина
52 ёшда, Россия марказий банки раиси ва президент ёрдамчиси

Ҳали аспирантурада ўқиб юрган пайтларидаёқ Эльвира МДУ ўқитувчиси бўлган Ярослав Кузьминовга турмушга чиққан эди. Уларнинг ўғил фарзадлари бор. Набиуллинанинг фикрича, сиёсатчи аёл бошқа ҳамкасбларидан кескин фарқ қилиши лозим. У турли рангдаги костюм ва томоқни бўғиб турадиган кофталар кияди. Йиллар давомида соч турмагини ўзгартирмайди ва ҳеч қачон косметикадан фойдаланмайди. Баъзида ўзига эрк бериб, кўзга яққол ташланадиган шарфларни ташлаб олади.

“Иқтисод нималигини тушунмасдим, мени номаълумлик ўзига жалб этди”– дейди  Эльвира Набиуллина

Набиуллина — жуда сирли аёл бўлиб, шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Шунга қарамай, унинг чиройли мебелларни тўплашни хуш кўриши кўпчиликка маълум. Унинг хонасида ёнғоқ дарахтидан ясалган, чарм қопланган Италия мебели мавжуд. Расмий маълумотларга кўра, сиёсатчи аёл Москвадага кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган оддийгина уч хонали уйда истиқомат қилади.

Валентина Матвиенко
67 ёшда, Россия Федерал мажлиси Федерация кенгаши аъзоси

Валентина Матвиенко турмуш ўртоғи Владимир Матвиенко билан институтда танишган, улар курсдош бўлган. Жуфтликнинг ягона ўғил фарзанди бор. 2010 йилда Валентина Матвиенко буви бўлди. Давлат ишларидан қўли бўшаганда асосий вақтини невараси билан ўтказади. Турмуш ўртоғи Владимир Матвиенко эса бу бахт нашидасини суролмайди. Чунки у бир неча йиллардан бери оғир касаллик туфайли ногиронлик аравачасига михланган ва Санкт-Петербург яқинида жойлашган хос уйда яшайди. 

“Аёл кишининг сиёсатдаги ўрни, эркак кишининг сиёсатдаги ўрни каби гапларни, таққослашларни ёқтирмайман...” дейди Валентина Матвиенко.

Сиёсатчи аёл расм чизишни, теннис ўйнашни ва тоғ чанғисида учишни хуш кўради.

Матвиенко кийим танлашда унга стилист ёрдам беришини яширмайди, ёрқин ранглардаги костюм ва залворли аксесуарлар ишлатишни, қимматбаҳо пўстин, ранг-баранг шарфлар тақишни ёқтиради.

Шайх Ҳасина Вазед
68 ёшда, Бангладеш бош вазири

Бу аччиқ қисматли аёлни европалик сиёсатчи аёллар билан тенглаштиришнинг ўзи оғир масала. Чунки ислом дини ҳукмронлик қилган мамлакатда аёл кишининг ҳукумат тепасига келиши жуда қийин иш. Довюрак, иродали, жасур Шайх Ҳасина бошидан кечирган фалокатларни бошқа одам кўтара олмаслиги тайин эди. Мамлакатдаги давлат тўнтариши, қувғин, терактлар, суиқасд, ота-онасининг, ака-укаларининг ҳалок бўлиши каби фожиа менман деган эркакнинг ҳам иродасини синдириши мумкин. Аммо метин иродали бу аёл ўзига ва халқига нисбатан бўлган ишончни йўқотмади.

“Тарихда сенинг шахсий муваффақиятларинг эмас, балки одамлар қалбини ларзага сола олган ҳаракатларинг қолади. Шахсий иш учун бирор дақиқа ортиқча вақтим йўқ”– дейди

Шайх Ҳасина.
Шайх Ҳасинанинг турмуш ўртоғи физик-ядрочи бўлиб, улар 40 йил бирга турмуш кечиришган. Аммо 2009 йилда унинг турмуш ўртоғи вафот этган. Лекин у ёлғиз эмас, Шайх Ҳасина етти неваранинг севимли бувижони. Баъзида бўш вақт топса бадминтон ўйнашни ёқтиради. Аммо бундай вазият камдан-кам ҳолларда рўй беради, “Мен ҳар бир дақиқамни мамлакатим хизматига бағишлашим керак”, дейди у.

Мишель Бачелет
64 ёшда, Чили президенти

Мишель ҳар доим ўзига катта эътибор берган ҳолда, сочларини чиройли турмаклаб, ихчам тақинчоқлар тақиб, турли рангдаги костюмлар кияди. Бундан ташқари, унинг лабидан табассум, кўзидан меҳр-муҳаббат аримайди. Мишель Бачелет ҳақиқатан ҳам Чили халқининг онасидир.

“Бундан 5, 10, 20 йиллар илгари Чили президенти аёл киши бўлади, деб ким  ўйлаганди? Менинг гуноҳларим кўп, эридан ажрашган, социалист ва агностик аёлман!”–дейди Мишель Бачелет.

Мишель Бачалетнинг ҳам ҳаёти силлиқ кечмаган. Унинг отаси қамоқхонада вафот этган, ўзи ҳам умрининг бир неча йилини панжара ортида ўтказган. Аммо бугун Чили президентига қараб туриб, бунга ишониш мушкул. У ҳаётга ташналиги, очиқ кўнгиллиги, табассуми билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг уч фарзанди бор, улар турли оталардан дунёга келган. Ҳозирда Чили президентининг боши очиқ, эридан ажрашган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!