Ҳижобга “ўралган” ҳийлалар

16:56, 18 июль

Мамлакатимизда аёлларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг шаъни, қадр-қиммати  кўкларга кўтарилмоқда. Мен ҳам бир ўзбек аёли сифатида биз аёлларга кўрсатилаётган ғамҳўрлик ва эътибордан  севинч ҳисларини туяман.

Яратилган имконият ва шароитлардан ўз ўрнида фойдаланган опа-сингилларимиз бугун турли соҳаларда бошқаларга ўрнак бўлса арзигулик ишларни амалга оширмоқда. Бугун аёл-депутат, аёл-шифокор, аёл-тадбиркор, хуллас, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида аёлларимизнинг ўз ўрни борлиги кишини қувонтиради.

Буларни кўриб, менда беихтиёр ғурурланиш, фахру ифтихор  ҳисси пайдо бўлади. Шу кунларга етказганига шукроналар айтаман! Лекин, афсус ва надоматлар бўлсинки, айрим опа-сингилларимиз, уларни опа-сингилларимиз дейишга ҳам уяламан,  ўзбек аёлига ярашмайдиган ишларни қилаётгани кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда.    

Яқинда кичик ўғлим Бобур билан рўзғорга у-бу нарса олгани бозорга тушдик. Эрта тонг соат олтилар чамаси худди қушларнинг чуғур-чуғури сингари аёлларнинг бақир-чақир овозлари эшитиларди... Ҳўл меваларнинг бозори чаққон. Айниқса, гилос, олча, олхўри, ўрик олишга ҳамма ошиқади.  

Она-бола иккимиз меваларнинг кўтара бозорига кира туриб бир жойда беш-олти нафар аёлларнинг бақир-чақир қилиб, бўлар-бўлмас гапларни айтиб  тортишаётганини кўрдик. Уларнинг тўрттаси ҳижобда эди.  Тортишаётган аёлларнинг ўртасида 40-45 ёшлардаги қотмадан келган, юзлари қуёшдан қорайган киши ҳали унисига ҳали бунисига термулганча, қўрқибгина турарди, афтидан у бозорга ўзи етиштирган маҳсулотини сотиш учун олиб келган деҳқон бўлса керак.

Ҳа, у деҳқон экан,  сотиш учун гилос олиб келибди. Уришаётган аёллар эса унинг гилоси устида бир-бирлари билан жиққамиш бўлиб, бозорни бошига кўтараётган экан. Маҳсулотни етиштирган ким-у, талашиб-тортишаётган ким!?  

Уларнинг оғзидан ўзбек аёлларига хос бўлмаган, шу даражада қўпол сўзлар чиқардики, ўғлим ҳам мен ҳам уялганимиздан тиқилинч бўлса-да, шоша-пиша у ердан тезроқ узоқлашишга ҳаракат қилдик. Шу аснода деҳқонга раҳмим келди. Тонг отиб улгурмасдан то қора кечгача меҳнат қилади-ю, маҳсулотини сотишга келганда қайсидир юлғуч, ноинсоф алдаб арзон нархга олиб қўяди. “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” деб, шуни айтса керакда.

Бечора деҳқон борига шукур қилади. Шунинг учун ҳам оиласи тинч, топганида барака бор, дастурхони тўкин-сочин. Шукроналикни ундан ўрганиш керак. Бозордаги “ўртакашлар” эса бир кунда 100-200 минг топса ҳам, нолигани-нолиган. Бундан-да ёмони, уларнинг кўпчилиги ўзларининг асл башарасини яшириш учун ҳижоб ўраб олган. Бу тоифадаги аёлларни кўзбўямачилар деб атаса тўғри бўлади. Чунки, улар ўзларини инсофли, диёнатли қилиб кўрсатиш учунгина ҳижоб ўраган,холос. Аслида эса, бировларнинг ҳаққини ейишдан қўрқмайдиган, иккиюзламачи кишилардир улар. Буни ўзлари ҳам яхши билади, фақатгина инсонларни алдаш осонроқ бўлиши учун бир парча латтага ўраниб олишган.

Бозорни айлана туриб, 60 ёшлардаги аёлнинг  ёш боладай ҳўнграб йиғлаб юрганига кўзим тушди. Аёлнинг ўпкаси тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғларди. Ҳамма шошган, ҳеч ким унга эътибор берай демайди. Онахон эса баттар йиғлашга тушади.

Охири бўлмади, сабрим чидамади, виждоним қийналди. Унга юзланиб, “нима гап, нега йиғлаяпсиз” сўрадим. “Бозорга бор-йўғи икки сатилгина ўрик олиб келгандим, дарвоза олдида ҳижоб ўраган бир аёл “келинг она, менга беринг ўзим ичкарига олиб кириб қўяман”, деб қўлимдан олди-да, ичкарига кириб кетди, уни тополмай қолдим. Энди нима қиламан” деди ўксиб, кўзларидан дувуллаб ёш оқиб.  

Онахонинг йиғлаганича бор экан, унинг битта-ю битта ўғли касал бўлиб қолибди, дорига пул кераклиги учун мажбурлигидан бозорга ўрик олиб чиқибди. Аёлга пул бергандим олмади. Ғурурли экан. Йиғлаганча бозордан чиқиб кетди... Бечора она фарзанди учун нималар қилмайди! Ҳижоб ўраб ўзини фаришта қилиб кўрсатишга уринган, асл мақсади бошқаларни алдаш бўлган ноинсоф, фирибгар, юлғуч, ниқобдаги олабўжилар фарзанд қадрини қаердан ҳам билсин! Бўлмаса бир бечора онани зор қақшатиб чув тушириб кетармиди...   

Ҳижобдаги аёлларнинг ножўя ишлари ҳақида кўп эшитардим-у, эътибор қилмасдим. Бекорга одамларда уларга нисбатан нафратланиш ҳисси пайдо бўлмаётган экан. Ҳижобга ўранган “фаришта”ларнинг асл башарисини ўз кўзим билан кўриб,  билдимки, бугун кўпчилик аёллар ҳижобдан ниқоб сифатида фойдаланиш йўлига ўтибди.

Шу қадар юзтубан кетган аёлларга ачинаман. Чунки уларнинг фарзандлари, айниқса, қизлари ва қизбола неваралари улардан нимани ўрганади. Инсонинг қадр-қимматини, иймон-этиқодини либос билан  белгилашга одатланган кишидан нимани кутиш мумкин!?  Бу каби аёлларни ўз фарзандлари келажаги қандай бўлиши қизиқтирмайдими?!  Инсондаги иймон-эътиқод даражаси бир парча латта билан белгиланмайди, аввало, ҳар ким ўзига тўғри, кўнгли тоза бўлиши лозим.

Юриш-туришда,  муомилада, кийинишда ҳам аввало  ўзбек аёли эканлигимизни унутмайлик! Қизларимизга ҳам шундай тарбия берайликки, дуч келган даъватларга учиб, кўр-кўрона ҳижобга ўраниб олмасин.   

 

Қутбинисо ая Иброҳимова,

Тошкент шаҳри

 

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!