Қозоғистон ИИВ раҳбарияти Алматидаги отишма сабаби қасд олиш бўлганини изоҳлади

10:41, 19 июль

Алмалин туман ИИБ ва Миллий хавфсизлик қўмитаси департаментига ҳужум қилишда айбланган жиноятчи йигит суруштирув вақтида полиция ходимларидан қасдини олмоқчи бўлганини маълум қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Қозоғистон республикаси ИИВ вазири Калмуханбет Қосимовнинг берган маълумотига кўра, 27 ёшли жиноятчи йигит илгари зўравонлик, босқинчилик қилгани, ноқонуний равишда ўқ отар қуроли сақлагани учун судланиб, 5 йил-у 11 ой қамоқда бўлган. Жиноятчи қамоқда ўтирган вақтида полициячилардан қасд олишни ният қилган. Жиноятчи ҳужум уюштиришидан олдин ўзбекистонлик аёлнинг жонига қасд қилган. Яна қамоққа тушишини билганидан кейин полициячилардан қасос олишга интилган.  

Алмати шаҳар антитеррорчилик тезкор штаби вакили Салтанат Азирбекнинг ахборот беришича, ҳужумни жиноятчи йигитнинг ёлғиз ўзи  уюштирган. Шаҳарда “қирмизи” даражадаги террорчилик хавфи эълон қилинган, барча шубҳали шахслар текширувдан ўтказилган. Гумонланиб, ушланган икки шахсдан бири жиноятчи йигит қўлга олган автомашина ҳайдовчиси эканлиги аниқланган.

18 июль куни Алмалин туман ИИБ ва МХХ биносига уюштирилган ҳужумда 3 полициячи, 1 чегарачи ва 1 фуқаро вафот этган. 9 киши яраланган, улардан олти нафари полициячилардир. Жиноятчининг ўзи ҳам яраланган. Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбоев Алматида рўй берган отишмани теракт деб атади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!