“КВН”да миллатини кулгига қолдирган ўзбек актрисаси Ситора Фармонова лицензиясидан маҳрум бўлди

22:21, 19 июль

Лицензиатлар Ситора Фармонова, Сарвар Азимов ва Комил Фозилов (Сарвар ва Комил) томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар мунтазам равишда бузилганлиги сабабли, ушбу хонандалар номига берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати тугатилди. Бу ҳақда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси матбуот хизмати хабар берди.

Darakchi.uz нашрига келиб тушган маълумотларга кўра, Россиянинг “Первий” телеканали орқали такрорий эфирга узатилган “КВН” кўрсатувида актриса Сетора Фармонова Қирғизистон Республикасининг жамоаси номидан иштирок этган. Унинг чиқишида жамоа уни “ўзбекистонлик актриса Европага ўзига эр қидириб келган. Уни бунга ўзбек эри мажбур қилди”, қабилидаги ҳазиллар билан ўзбек миллатини устидан кулиш кузатилган. 

“Наҳотки Ўзбекистон номидан иштирок этган актриса ўз юртини ва унинг қадриятларини шу даражада ерга уришга қўйиб берган бўлса”, – деб ёзади Darakchi.uz нашрига кўрсатувни томоша қилган гувоҳлардан бири.

“Ўзбекнаво”нинг хабарида юқорида номлари келтирилган санъаткорлар айнан нима сабабдан лиензиядан маҳрум этилганликлари маълум қилинмаган. 

Юқорида номлари қайд этилган санъаткорларнинг лицензияси “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорига асосан 19 июлдан тугатилди.

“Ўзбекнаво” Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ва санъаткорнинг бурчи эканлигини яна бир бор санъаткорларга эслатиб қўйди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!