Алишер Усмонов 600 миллион долларлик суперяхтасини онасининг шарафига “Дилбар” деб номлади

14:51, 20 июль

Германиянинг кемалар қуриш билан шуғулланадиган Lurssen верфи россиялик бизнесмен Алишер Усмоновнинг 156 метрли Dilbar суперяхтасининг умумий сиғими 15 917 тонна келишини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Yacht Harbour нашрига асосланиб Lenta.ru хабар берди.

Бугунги кунда Dilbar дунёдаги энг кенг яхта саналади. Иккинчи ва учинчи ўринларни  — Уммон султонига тегишли Al Said (15 850 тонн) ва Абу-Даби амирининг Azzam (13 136 тонн) яхтаси эгаллайди. Уларнинг барчаси Lurssen томонидан қурилган.

Жорий йилда буюртмачига етказилган Dilbar яхтасига дизель-электр кучланиш ускунаси ўрнатилган, у кемага соатига 42 километр тезликда ҳаракатланиш имконини беради. Яхтанинг нархи ошкор этилмаяпти, аммо экспертлар уни 600 миллион долларга баҳолашди.

Forbes журнали талқини бўйича Россиянинг энг бой уч одамидан бири бўлган Алишер Усмоновнинг Dilbar яхтасидан ташқари 110 метрли Ona суперяхтаси ҳам бор.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!