Фарзандларини ёлғиз катта қилаётган 5 машҳур ота

14:49, 21 июль

Бугунги мақоламиз қаҳрамонларининг баъзилари ўз хоҳишлари билан ёлғиз ота бўлишдек қисматни танлаган бўлса, баъзилари эса фожиали вазиятлар, рафиқасининг вафоти ёки ажралишлар туфайли ёлғиз бола тарбиялашга мажбур бўлган, дейди “Deti.mail.ru” нашри . 

Нима бўлган тақдирда ҳам бу оталар ўз тақдирларидан норози эмас. Қўлларидан келганча, фарзандларининг бахтли бўлиши учун ҳаракат қилишмоқда.

Филипп Киркоров: қиз ва ўғил

49 ёшли Филипп Киркоров фарзандларини ёлғиз катта қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хонанданинг қизи Алла-Виктория 2011 йилнинг 26 ноябрида таваллуд топган бўлса, ўғли Мартин эса 2012 йилнинг 29 июнида суррогат онадан дунёга келган. Филипп Кирокоров фарзандларини жуда эркалатишини ҳеч кимдан яширмайди. Уларнинг туғилган кунларини тантанали равишда нишонлайди. Гастроль сафарларига кетганда ҳам доимо улар билан алоқада бўлади. 

Дмитрий Шепелев: ўғил

Бу машҳур ёлғиз ота сўнгги пайтларда омманинг эътиборида бўлиб келмоқда. Рафиқаси, хонанда Жанна Фрискенинг ўлимидан кейин у ўғли Платон билан ёлғиз қолди. Платон отаси ва Фрискелар оиласи ўртасида талаш бўлди. Жаннанинг ота-онаси Дмитрийни неварасини кўрсатмаётганликда айблаган бўлса, ўз навбатида машҳур телебошловчи Дмитрий Шепелев Жаннанинг отаси унга таҳдид қилаётганини маълум қилган. Жанжалларга қарамай, Платоннинг отаси ўғлини ёлғиз бўлса-да, фаровон ҳаёт кечириши учун тиним билмай меҳнат қилмоқда. У ҳар куни Платонга онаси ҳақида, унинг одатлари, севимли жойлари ҳақида гапириб беради. “ Ўғлим онаси борлигини, у ёнидалигини, ҳеч қачон ташлаб кетмаганлигини билишини истайман”, дейди Дмитрий Шепелев.

Евгений Кафельников: қиз

2000 йилнинг бошида барча ОАВларда машҳур теннисчи ва собиқ фотомодель Мария Тишкованинг ажрашаётганлиги ҳақидаги хабар қизғин муҳокама этилганди. Теннисчи ўша пайтда уч ёшда бўлган қизи Алесяни ўз қарамоғида олиб қолишга эришган. У бундай қатъий қарорга келгани сабабини ошкор этмаган, чунки спортчи шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Россияда ажрашув жараёнида аксарият ҳолларда бола онада қолдирилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жараёнда Евгений Кафельниковнинг муваффақиятга эришиши осон бўлмаганлигини пайқаш қийин эмас. Натижада Мария Тишкованинг ўзи қизини отасида қолдиришга рози бўлган. Ҳозир Алеся 17 ёшга тўлган, моделлик бизнесига қизиқади. Бу борада отаси ундан ёрдамини аямайди. 

Криштиану Роналду: ўғил

2010 йилда машҳур футболчи ўғил фарзандли бўлганлиги ҳақидаги хабари билан барча мухлисларини ҳайратга солди. Чунки ўша пайтда у билан учрашиб юрган Ирина Шейкнинг ҳомиладор эмаслиги ҳаммага маълум эди. Ҳозиргача боланинг онаси кимлиги номаълум ва жумбоқ бўлиб қолмоқда. Аввалига боланинг онаси Лос-Анжелеслик оддий официант аёл дейилган бўлса, кейинчалик уни суррогат она дунёга келтирган деган миш-мишлар болалади. Нима бўлган тақдирда ҳам Роналду болани ёлғиз катта қилишга қарор қилганини билдирди ва шу кунга қадар  буни муваффақиятли равишда эплаб келмоқда. У ўғлига ҳам Криштиану деган исм қўйган. 

Колин Фаррелл: икки ўғил

40 ёшли актёр Колин Фаррелл Жеймс Патрейга ва Генри Тадеуш исмли икки ўғилнинг меҳрибон отасидир. Болалар Колин Фаррелл ажрашиб кетган икки аёлдан туғилган. Актёр ҳаётида фарзандларидан муҳимроқ одамлар йўқлигини таъкидлашдан чарчамайди. 

Актёрнинг тўнғич фарзанди Жеймс Ангельман синдромидан азият чекади. Бу кам учрайдиган нейрогенетик бузилиш касаллиги бўлиб, бола ривожланишдан орқада қолади, бўлар-бўлмасга кулаверади, яхши ухламайди, баъзан тутқаноғи тутиб қолади. Шунга қарамай, Колин фарзандининг тузалиб кетиши учун қўлидан келгунча ҳаракат қилмоқда. Актёрнинг айтишича, ота бўлиш унинг ҳаётини тубдан ўзгартирган. Фарзандларининг камолини кўриш учун узоқ яшашга, соғлигини асрашга интилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!