Олой бозори қаршисида қиймати 10 минг евроли замонавий бекат қурилди(ФОТО)

16:47, 21 июль

Чоршанба куни Тошкент марказидаги Олой бозори қаршисида мобиль телефонлари учун қувватлаш қурилмалари ва қўлларни антибактериологик тозалаш учун жиҳозлар билан таъминланган бекат очилди.

JCDecaux UZ ва Bravo Pharma компаниялари билан ҳамкорликда бунёд этилган бекат тўртта қисмдан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўриндиқлар билан бир қаторда телефон ва смартфонлар учун олти нуқтада қувватлаш қурилмалари (USB-портларни ўз ичига олган жами 24 та), йўловчи транспорти йўналишлари харитаси ва антибактериал гел ёрдамида қўлларни тозалаш учун ускуна билан жиҳозланган, деб хабар беради “Газета.уз” нашри. 

Қўлларни тозалаш ускунасини бекатга ўрнатиш ғоясини Bravo Pharma бош директори Ракеш Пандей таклиф этди.

Bravo Pharma бош директори Ракеш Пандей ва JCDecaux UZ тижорат директори Санжар Юлдашев.

Бекатларнинг ён панеллари йўловчилар учун хавфсиз 10 мм қалинликдаги махсус ишлов берилган ойнадан йиғилган бўлса, металл тиргаклар машина зарбасини қайтара олади. Бир неча кун муқаддам Нукус кўчасида JCDecaux UZ бекатларидан бирига автотранспорт келиб урилиши билан боғлиқ ҳодисада тиргаклар зарбага дош берди ва бекатдаги йўловчилардан ҳеч кимга зиён етмади.

«Бекатларимиз дизайни Францияда Норман Фостер томонидан ишлаб чиқилган, — дейди JCDecaux UZ ҚК молиявий директори Ольга Акбарова. — Мазкур дизайн Тошкент ҳокимияти томонидан пойтахт кўчаларига ўрнатиш учун тасдиқланди. 200 та шу каби иншоотга шартнома тузилган». Битта бекатнинг қиймати 10 минг евродан ошади, Тошкентда улар сони тўртта янгисини қўшиб ҳисоблаганда 196 тага етди.

Бекатларга JCDecaux UZ ходимлари хизмат кўрсатади. Улар ҳар куни бекатлар ойналарини тозалаб, шикастланган қисмларини алмаштиришади. Айрим ҳолларда жоҳилликларга йўл қўйилаётгани сабабли баъзи бекатларга жамоат мулкини асрашга чақирувчи эълонлар ёпиштирилди.

Мазкур лойиҳа ўз ниҳоясига етганидан сўнг JCDecaux UZ бекатлар бўйича янгисини бошлаши маълум қилинди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!