Қозоғистонда отишма ҳақида миш-миш тарқатганлар қўлга олинди

10:34, 22 июль

Алмати шаҳри полицияси 18 июль куни шаҳарда хавфсизлик хизмати ходимларига нисбатан ҳужум қилингани, рўй берган отишма ҳақида ёлғон хабар ва маълумотлар тарқатган йигит ва қизни қўлга олди, деб хабар берди “Gazeta.ru” нашри. 

Алмати ички ишлар департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, 1995 йилда туғилган талаба қиз “В Контакте” ижтимоий тармоғида “Сити Плюс” савдо марказини террорчилар қўлга олгани, қурбонлар ва жабрланганлар борлиги ҳақида ёлғон хабар тарқатган бўлса, 1993 йилда туғилган номи ошкор этилмаган йигит шаҳарнинг қуйи қисмида 100 нафар қуролланган шахслар ўт очгани ҳақидаги ёлғон маълумотни тарқатган.  

Алмати шаҳар полицияси вакили Салтанат Азирбек, Қозоғистон республикаси Жиноят Кодексининг янги таҳририда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар, маълумотлар тарқатган шахслар жавобгарликка тортилиши кўзда тутилганини таъкидлади.

“Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир фуқаро ўй-фикрларини, мулоҳазаларини, хулосаларини ижтимоий тармоққа жойлаштиришдан олдин етти ўлчаб, бир кесиши лозим. Ёлғон маълумотлар, миш-мишлар учун тегишли жазо берилади”, – деди Салтанат Азирбек.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!