“PROlogue” – ёш кино ижодкорлар II Республика фестивали старт олди

15:41, 22 июль

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорликда  “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивали бошланганлигини эълон қилади. 

Фестиваль бу йил иккинчи маротаба ташкиллаштирилмоқда, дея хабар беради “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати.

Фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари қисқа метражли бадиий ва бадиий шаклдаги ҳужжатли фильмлари билан иштирок этишлари мумкин. Унда қатнашиш бепул.

Фестивал талабига мувофиқ, фестивалга тақдим этилган қисқа метражли бадиий фильмнинг умумий вақти 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, фильм сўнгги 2 йил мобайнида суратга олинган ҳамда мазкур фестивалда аввал иштирок этмаган бўлиши лозим.

Тақдим этилган асарларнинг янгилиги, ғоянинг ижтимоий муҳимлиги, ижодий ёндашувнинг оригиналлиги, бадиий таъсирчанлиги, визуал қатлам ва қаҳрамонлар концепциясининг ўзига хослиги, режиссёр ва оператор маҳорати, актёрларнинг ижроси, шунингдек, Давлат тилида бўлиши ёки Давлат тили субтитрларда берилиши Фестивалда қатнашиш ҳуқуқини таъминлаш мезони ҳисобланади.

Фестивалда иштирок этиш учун аризалар 1 октябрга қадар тақдим этилиши шарт. Аризалар ўрганилиб, 20 октябргача сараланади ҳамда ушбу кўрик дастурига киритилган  қисқа метражли фильмлар  16-20 ноябрь кунлари намойиш қилинади.  

Ғолиблар аниқлангач, 21 ноябрда уларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади. Улар махсус совринлар ва дипломлар билан тақдирланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!