Туркияда давлат тўнтарилишига уринишдан сўнг ҳукумат 11 минг фуқаронинг паспортини бекор қилди

12:37, 23 июль

Туркиядаги 16 июль куни рўй берган давлат тўнтарилишига уринишдан сўнг 11 мингга яқин фуқаронинг паспорти бекор қилинди, дея маълум қилган Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.  

Агентликнинг хабар беришича, паспорт фуқаронинг нафақат мамлакат ичкарисида, балки чет элда ҳам  шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади. 16 июль куни Туркияда давлат тўнтаришга бўлган уринишда исёнчиларнинг аксарият қисмини ҳарбийлар ташкил этгани учун, армия ва полиция ходимлари  ичида тозалаш ишлари ўтказилди. Исёндан кейин ҳукумат фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилди. Катта шаҳарларда митинглар ўтказилиб, намойишчилар исёнчиларни қатл этишни талаб қилган. Мамлакат президенти Ражаб Тойип Эрдўған ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қонунни ҳукумат қайта кўриб чиқиши лозимлигини билдирган. Ўтказилган матбуот анжуманида Туркия маданият ва туризм вазири Наби Авжи мамлакатда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган вақтда ўлим жазосини қайта тиклаш, конституцияга ўзгартириш киритиш мумкин эмаслигини маълум қилди. 

Мамлакат давлат хизматчиларининг, олий ўқув юртлари ўқитувчи ва профессорларининг чет элга чиқишлари қисман чегараланиб, тақиқланди. Мабодо улар чет элга чиқадиган бўлса, иш жойларидан чет эл сафарига чиқишдан мақсадлари тўғрисида маълумотнома кўрсатишлари талаб этиладиган бўлди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!