Германиянинг Ансбах шаҳридаги ресторанлардан бирида теракт юз берди

10:06, 25 июль

24 июль куни маҳаллий вақт билан 22.00 да Германиянинг Ансбах шаҳридаги Eugens Weinstube ресторани ёнида портлаш юз берди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 12 киши яраланди. Ресторандан узоқ бўлмаган жойда уч кунлик мусиқа фестивали ўтказилаётган эди. Терактдан кейин фестиваль тўхтатилиб, икки мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.

Якшанба куни шаҳар обербургомистри Кард Зайдель ресторан олдида портловчи қурилма ишга тушганини, Бавария ИИВ эса портлаш қасддан содир этилганини маълум қилди. Криминалистлар ишга тушиб, портлаш худкуш ёрдамида амалга оширилганини аниқлади.

Олиб борилган тезкор ишлар натижасида портлашни воқеа жойида ҳалок бўлган суриялик 27 ёшли йигит амалга оширгани маълум бўлди. Бу ҳақда 25 июль куни Бавария федерал ерлари ички ишлар вазири Йоахим Херрманн Reuters'га хабар берди.   

ИИВ раҳбарияти теракт амалга оширилганига ишонч билдирди, чунки воқеа жойидан ҳалок бўлган йигитнинг мобиль телефони топилган. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимларига топширилган.

Херрманннинг сўзларига кўра, суриялик йигит бундан икки йил илгари Германияга келиб, бошпана бериш ҳақида илтимос қилган. Аммо бундан бир йил илгари унинг илтимоси рад этилган, деб хабар қилади ТАСС.

Nordbayern.de порталининг маълум қилишича, рюкзак осиб олган йигит мусиқа фестивали ўтаётган жойга кирмоқчи бўлган, аммо хавфсизлик хизмати ходимларининг одамларни текшириб ўтказаётганини кўриб, орқага бурилиб, ресторан томонга кетган.

Reuters'нинг хабар беришича, йигит полиция ходимларига яхши таниш бўлган, у илгари икки маротаба жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!