Самвел Бабаян: Миллий терма жамоа учун таркибни мураббийлар штаби аниқлайди

10:15, 25 июль

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Ироқ терма жамоасига қарши (2:1) кечган ўртоқлик ўйинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақида ва алоҳида футболчилар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Ироқ терма жамоасига қарши ўйин орқали жуда кўп позицияларда янги ўйинчиларни синовдан ўтказдик. Бугун, ҳимоя марказида икки нафар янги футболчи майдонга тушди. Умуман, уларнинг бугунги ўйинидан қониқиш ҳосил қилдик, аммо, ўйин якунида барибир ҳимоячиларда қандайдир босим кўзга ташланди. Афсуски, марказий ҳимоя чизиғи доим биз учун муаммоли позиция бўлиб келган. Уларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

Австриядаги йиғинда футболчиларнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлган эди. Австрияда ўтказган ўртоқлик учрашувларида бироз тезроқ ҳаракат қилган ва прессингни ҳам яхши ушлаган эдик. Бугун ҳам биринчи бўлимда рақибга деярли имкон бермадик, аммо иккинчи бўлимда бироз консентрацияни йўқотдик ва бунинг оқибатида рақибда ҳужум қилиш имкониятлари кўпайди.  Терма жамоа таркибини мураббийлар штаби аниқлайди. Бугунги таркиб оптимал эмас, аммо улар бизнинг ҳозирги қарашларимиз ва ўлчовларимизга тўғри келади. Улар ўз ишини профессионал тарзда бажармоқдалар.

Таркибдан ўрин олиш учун ҳар бир ўзбекистонлик футболчида имкон бор. Биз уларнинг паспортига ёки қайси клубда ўйнашига эътибор қаратмаймиз. Шунчаки, бизнинг принципларга мос келиши талаб этилади. Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳам терма жамоага номзод футболчи ҳисобланади. Аммо, бугунги кунда у баъзи принцип ва қарашларимизга тўғри келмаётгани боис таркибга жалб этилмаяпти”, - деди миллий терма жамоа бош мураббийи” - деди Cамвел Бабаян.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!