Дэвид Бекхэм “Реал” клубининг элчисига айланиши мумкин

11:13, 26 июль

Мадриднинг “Реал” клуби собиқ ярим ҳимоячиси Дэвид Бекхэм “Қироллик клуби”га қайтиши ва у ерда маъмурий лавозимлардан бирини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда Championat.com хабар бермоқда.

The Sun нашрининг тарқатган маълумотига кўра, “Реал” раҳбарияти собиқ футболчисига жамоа элчиси бўлишни таклиф қилди. Англия терма жамоаси собиқ сардорининг вазифаси турли маросимларда “Реал” вакили бўлишдан иборат бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Дэвид Бекхэм 2003–2007 йиллар давомида “Реал”да тўп сурган. Мадридликлар сафида у 155 ўйин ўтказиб, 20 та гол киритган.

Шунингдек, у футболчилар фаолияти давомида “Манчестер Юнайтед”, “ПСЖ”, “Милан” ва “Лос-Анжелес” каби клублар шарафини ҳимоя қилган. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!