Ниццадаги террорчини мотоцикли билан тўхтатишга уринган французга янги мотоцикл совға қилиш учун пул йиғилди

16:27, 26 июль

Франциянинг Ницца шаҳрида содир этилган теракт куни террорчининг машинасини  мотоцикли ёрдамида тўхтатмоқчи бўлган Франк исмли эркакка янги мотоцикл сотиб олиш учун 21 минг евро пул йиғилди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

“Қаҳрамон учун мотоцикл” акцияси Манш департаментида яшовчи икки фуқаро томонидан эълон қилинди. Улар Leetchi сайти орқали мотоцикл олиш учун 9 минг евро йиғмоқчи бўлишган, аммо пул беришни истовчиларнинг сони тобора ортиб борган.

Улар сайтда Франк мотоцикли учун суғурта пули ололмаслигини, чунки унинг ўзи транспорт воситасини юк машинасини тўхтатиш учун ғилдирак тагига ташлаганини таъкидлашган. 

Теракт содир бўлган тунда Франк одамларни босиб кетаётган юк машинасини тўхтатиш, террорчининг ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш мақсадида мотоциклини ғилдирак тагига ташлаб, ўзи машинанинг очиқ ойнаси орқали террорчининг юзига мушт туширишга уринган. Бироздан сўнг полиция террорчини отиб ўлдирган.

ОАВлар ўша куни Франкни ҳалок бўлди, деб нотўғри хабар тарқатган.

Франкнинг мотоцикли учун тўпланган пуллар терактда яраланган, ҳозирда Ницца касалхонасида даволанаётган ярадорларнинг ҳисобига ўтказиладиган бўлди. Ницца шаҳар мэри Франкни кўрсатган қаҳрамонлиги учун шаҳарнинг “Жасурлиги учун” медали билан тақдирлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!