50 килограмм миқдоридаги тилла тақинчоқларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди

16:44, 26 июль

Иқтисодиётда “олтин заҳираси” деган тушунча бор. У давлатнинг Молия вазирлиги ёки марказий банки ихтиёридаги қимматбаҳо металл резервини англатади. Бироқ, бундай улкан “заҳиралар” оддий одамларда ҳам бўлиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Халқимизда “тиллани кўрса, фаришта ҳам йўлдан озади” деган ҳазиломуз нақл бор. Мақоламиз қаҳрамонларини “фаришта”га қиёслаш қанчалик тўғрилигини билмадиг-у, лекин уларни шайтон йўлдан оздирганига асло шубҳа йўқ.

Масалан, яқинда Тошкентда 50 килограмм қимматбаҳо металлни ноқонуний ўзлаштирган иккита жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Жиноят иши бўйича тергов натижаларига кўра, улардан олинган 18,8 килограмм олтин, 11,2 килограмм кумуш, 224 қирот олмос, шунингдек, зумрад, ёқут ва бошқа қимматбаҳо тошлар – жами 2,9 миллард сўм миқдоридаги хазина давлат фойдасига мусодара қилинди.

Тергов ва суриштирув давомида маълум бўлишича, самарқандлик Азиза Худойбердиева, андижонлик Аҳмад Нуриддинов ва Шарофиддин Патидинов — ёшлари 35-40 оралиғида бўлган, ҳеч қаерда ишламайдиган “ҳамкорлар” мамлакатимиздан хорижий валютани олиб чиқиш ва заргарлик маҳсулотларини олиб киришнинг ноқонуний тизимини йўлга қўйишган.

Контрабанда йўли билан олиб кирилган бундай қимматбаҳо буюмлар Тошкент-Андижон-Ўш йўналишида ташилган. Қирғизистон ҳудудида уларга аллақандай Ҳожи опа исмли аёл шерикчилик қилган. Бу аёл билан одатда фақат Азиза Худойбердиева “олди-берди” қиларди. Аҳмад Нуриддинов эса, ўз уйида ноқонуний олиб кирилган хомашёдан заргалик маҳсулотларини қолиплаб чиқарар, жиноий учликнинг бошқа аъзолари билан бирга тайёр контрабанда-тақинчоқларга аралаштириб пуллашарди.

Жиноий гуруҳ вакилларидан ўнлаб килограмм қимматбаҳо металлар билан бирга 34 миллион сўм ва 2 минг доллардан ортиқ пул олиб қўйилгани уларнинг пичоғи мой устида эканини кўрсатади. Фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг аралашуви билан бу ноқонуний тижоратга барҳам берилди.

Фош қилинган яна бир жиноий тўдани ҳам аёл киши бошқариб келгани маълум бўлди. Андижонлик 42 ёшли Ҳамидахон Содиқованинг иш фаолияти ҳам юқорида номлари зикр этилган “ҳамкасб”лариникидан асло фарқ қилмайди. У аввал мамлакатимиз ҳудудидан хорижий валютани ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетган, бу пулга Туркиядан олтин сотиб олган ва Қирғизистон орқали юртимиз ҳудудига олиб киришга ҳаракат қилган.

“Қора заргар”га унинг фуқаролик асосидаги “ёстиқдош”и А.Хегай ҳамда пойтахт ва ҳудудлардаги ҳамкорлари яқиндан ёрдам бериб келган. Тергов давомида улардан 16 минг доллар ва 394 миллион сўм пул мусодара қилинган.

Улардан олинган 45 килограмм миқдоридаги заргарлик маҳсулотлари ва металл парчаларининг аниқ вазни ва таркибини белгилаш мақсадида асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан техник экспертиза ўтказилди.

Унда аниқланишича, ушбу металларнинг 32,5 килограмини олтин, 11,2 килограмини кумуш, 1,2 килограмини аралаш кумуш қотишмаси, 223 каратини олмос, озроқ қисмини эса, ёқут ва зумрад ташкил қилади. Мусодара қилинган бойликларнинг умумий қиймати 5,2 миллиард сўмни ташкил қилади.

Бу жиноий иш ҳам худди аввалгисидек жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилди. Божхона ва солиқ қонунчилигига оид ва бошқа бир қатор қонунбузарликларни содир этган бу кимсалар ўз қилмишларига яраша жазоларини олишди.

Бу жазо улар учун бир умрлик сабоқ бўлса ажабмас...

Азамат Ражабов

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!