“Ислом давлати” террорчилик гуруҳи раҳбарларидан бири Афғонистонда ўлдирилди

10:51, 27 июль

Ҳукумат қуролли кучлари “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи раҳбарларидан бирини Афғонистонда ўлдирди. Ўтказилган рейд давомида 120 дан ортиқ террорчилар йўқ қилинган, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Экспертларнинг фикрича, Эмарати “Ислом давлати” террорчилик гуруҳининг кўзга кўринган раҳбарларидан, дала командирларидан бири бўлган. Унинг ўлими мамлакатдаги террорчилик гуруҳининг келгуси тезкор ишларига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Мамлакат қуролли кучлари бир қанча террорчиларни йўқ қилиш билан бирга Қот вилоятини жангарилардан озод қилган. Бу уларнинг Қобул шаҳрида террорчилар томонидан амалга оширилган терактига жавоби бўлди. 

23 июль куни Қобул шаҳрида озчиликни ташкил этувчи ҳазорийлар томонидан ўтказилаётган миллий намойишда террорчи худкуш ўзини портлатиб юборган. Оқибатда 80 киши ҳалок бўлган, 231 киши яраланган. Ҳукуматнинг маълумот беришича, терактни 3 нафар террорчи амалга оширмоқчи бўлган. Улардан биригина ўзини портлатишга улгурган, иккинчисининг бомбаси портламай қолган, учинчиси эса воқеа жойида отиб, ўлдирилган.

Намойишга чиққан одамлар Қобулда яшовчи ҳазорийлар истиқомат қиладиган туманга Туркманистондан электр узатиш линиясини кўчиришни талаб қилишган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!