Марокаш ҳайвонот боғида фил тош отиб, қизчани ўлдирди

15:51, 29 июль

Марокаш пойтахти Работ шаҳридаги ҳайвонот боғида фил тош отиб, етти ёшли қизчани ўлдирди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Қизини ҳайвонот боғига томошага олиб борган ота, қизини елкасига миндирганча, фил сақланадиган майдончага орқасини ўгирганча рафиқаси томондан суратга туширилган. Шу пайт Ассиа лақабли она фил ерда ётган чақир тошни хартуми билан кўтариб, уларга қарата отган. Тош қизчанинг гарданига теккан. Зарбадан қизча ҳушини йўқотган, уни касалхонага олиб боришганига қарамай, олган оғир тан жароҳатидан вафот этган.

Ҳайвонот боғи маъмурияти бўлган воқеа юзасидан кечирим сўради, уларнинг маълумот беришича, ҳалок бўлган қизчанинг оиласи хавфсизлик қонун-қоидаларини бузмаган. “Бундай воқеа илгари бўлмаган эди, уларни олдиндан билиш қийин”, дейди ҳайвонот боғи ходими.

Работдаги бу ҳайвонот боғи 2012 йилда очилган бўлиб, бундай воқеа илк маротаба рўй берган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!