Бразилияда Олимпиада ўйинлари олдидан жиноятлар сони ошиб кетди

11:36, 01 август

Бразилияда Олимпиада ўйинлари олдидан жиноятчилик сони кескин ошиб кетган, деб хабар қилди “Vesti.ru” нашри.

Шу муносабат билан мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Мишел Темер Риу-Гранди-ду Норти штатига ҳарбий қўшинларни олиб киришга мажбур бўлди.

Темернинг бундай қарорга келишига, штат губернатори Робинзон Фарининг ҳукумат раҳбарига штатнинг бир неча шаҳрига жиноятчилар бостириб киргани ҳақидаги мурожаати сабаб бўлган. Олимпиада ўйинлари вақтида хавфсизликни таъминлаш мақсадида штатга 500 нафар ҳарбий киритилган. Уларнинг сони оширилиши кўзда тутилган.

Сўнгги ҳафтада жиноятчилар томонидан 54 та автобусга ва давлат муассасаларига ҳужум уюштирилган, Натал шаҳридаги автотураргоҳда машина портлатилган, Олимпиячилар яшаш жойида ўғирликлар содир этилган.

Бразилияда ёзги Олимпия ўйинлари 2016 йилнинг 5 августидан 21 августига қадар давом этади. Футбол турнири мамлакатнинг Белу-Оризонти, Бразилиа, Манаусе, Салвадор ва Сан-Паулу шаҳарларида бўлиб ўтади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!