Ўзбекистонлик ҳакамлар УЕФА'нинг ўқув-семинарда иштирок этади

14:34, 01 август

Шу йилнинг 20–27 октябрь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида УЕФАнинг Ҳакамлик маҳоратини ошириш маркази томонидан “Ҳакамликни ривожлантириш дастури” доирасида ўқув-семинари ташкил этилади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда

Мазкур ўқув-семинарда ўзбекистонлик ҳакамлардан Найим Қосимов ва унинг ассистентлари Санжар Шоюсупов ҳамда Обид Жумаев, шунингдек, Владислав Цейтлин ҳакамлар инструктори сифатида қатнашади.

“Ҳакамликни ривожлантириш дастури” доирасидаги ўқув-семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – келажакда ФИФА рефериси сифатида етишиб чиқишга салоҳияти бўлган ҳакамларнинг футбол ҳақида умумий билими, ҳакамлик маҳорати ҳамда компьютер саводхонлигини оширишдан иборат.

Мазкур ўқув-семинар якунида қатнашчилар Intermittent Recovery Test Level 1 тестини ишлайди ҳамда инглиз тилидаги футбол қонун-қоидалари ҳақидаги саволларга жавоб беришади. Олинган билим ва кўникмаларни амалда синаш учун ҳакамлар бригадаси Франция ёки Швейцария футбол лигасидаги расмий учрашувлардан бирида ишлайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!