“Алдагани қуда яхши” — премьераси бир йилга кечиккан фильм(Фото)

14:57, 01 август

Бугун, 1 август куни режиссёр Науфал Сулаймонов томонидан суратга олинган “Алдагани қуда яхши” оилавий комедияси премьераси бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тақдимот арафасида “Дарё” нашри фильм режиссёри билан суҳбат уюштирди.

— “Алдагани қуда яхши” оилавий кинокомедиясининг ғояси, қисқача мазмуни ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Фильмда ҳозирги ёшларимизнинг оилавий ҳаётга нисбатан масъулиятсизлиги, ёлғончилик оқибатида келиб чиқадиган муаммоларни кулгу йўли билан кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. Унда Муҳаммадисо Абдулхаиров, Севара Солиева, Зуҳра Солиева, Асқар Ҳикматов, Умид Шодмонов, Гулчеҳра Носирова сингари актёр-актрисалар бош ролларни ижро этган.

— Кўплаб режиссёрлар ёзда премьера ўтказишдан қочади. Сиз премьера қилишга қўрқмаяпсиз, бунинг сабаби нима?

— Сабаблари кўп. Биринчидан, фильм тайёр бўлганига бир йилдан ошди, аммо премьера кечикиб кетди. Иккинчидан, биз ҳам премьерани кузда ташкиллаштирмоқчи эдик, аммо 1 август кунига тўхталдик. Учинчидан, бу биринчи фильмим бўлгани сабабли қандайдир ҳаяжон ҳам таъсир қилган бўлса керак.

Фильм премьераси нима сабабдан бир йилга кечикди?

— Фильм «Ўзбеккино» қошидаги Бадиий кенгашда жуда узоқ турмади — бошқа кинокартиналар премьерасига қанча вақтда рухсат берилса, бизга ҳам шунча вақтда рухсат теккан эди. Кечикишга эса ўзимиз, ижодий жамоамизнинг шошмасдан ҳаракат қилгани сабаб бўлди, деб ўйлайман.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!