"Уйим доим тоза турсин", десангиз...

15:06, 01 август

Уйда тартиб-интизом, озодаликни сақлаш ҳар бир аёлга хос бўлган фазилатдир, дейди “Interesno.cc”  нашри.

Хонадонингиздан таралаётган ёқимли ҳидлар орқали оила аъзоларингиз ўртасидаги муносабатлар йўлга қўйилади, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу нарса уйда маза қилиб дам олиш, оила аъзоларингизнинг ўзини бахтли ҳис қилиши имконини беради.

Агар эътибор берган бўлсангиз, уй озода, ҳамма жой йиғиштирилган бўлса, ўзингизни хотиржам ҳис қиласиз, ички барқарорликка эришасиз. Бунинг учун уйингизнинг қаерда жойлашганининг аҳамияти йўқ, балки ётоқхонанинг бир хонаси сизга тегишлидир, балки кенг ва ёруғ, балки торроқ уйда яшарсиз. Қаерда яшашингиздан қатъи назар, тозаликка эътибор беришингиз талаб этилади.   

Уйни бирдан тартибга келтираман, деб чарчаб қолманг, ҳар куни оз-оздан, яхши кайфият билан уй юмушларига уринсангиз, бу самарали натижа беради.

Уйда ҳам, ҳаётингизда ҳам тартиб ўрнатмоқчи бўлсангиз, аввало кераксиз буюмлардан воз кечишингизга тўғри келади. Ортиқча буюмларни йиғиштириб бўлмайди, уларни фақатгина улоқтириш лозим. Кераксиз буюмларни уйда сақлаш одатидан воз кечинг. Агар уларни ташлаб юборишга кўзингиз қиймаса, танишларингизга, дўстларингизга, меҳрибонлик уйларига тарқатинг. Шундай қилсангиз, кераксиз буюмлар, кийим-кечаклар ҳам иккинчи ҳаётини бошлайди, ундан фойдаланмоқчи бўлган одамларга қувонч бағишлайди. Кимгадир озгина бўлса ҳам ёрдам бера олганингиздан ўзингиз ҳам хурсанд бўласиз.

Шкафингизда ўзингизга ёққан, фақатгина кийиб юрган кийимларингизни қолдиринг, қолганини эса севимли дугоналарингизга беринг. Уларни бераётганда кўнглингиз оғримасин, ҳар доим кетган буюмнинг, кийим-кечакнинг ўрнига янгиси келишини унутманг. 

Уйдаги тўкин-сочинлик деган полдан шифтгача тахланиб ётган нарсалар тушунилмайди. Буюмларнинг кўплиги эмас, сизга ёқадигани, кўрганда кўзингиз қувонадигани сизга хушкайфият бағишлайди. Буюм сотиб олаётганда “қимматбаҳо нарса сотиб олишга қурбимиз етмайди” иборасини унутинг. Қимматроқ бўлса ҳам, оилангизга, ўзингизга узоқ вақт хизмат қиладиган, қўлга олганда қалбингизга қувонч бағишлайдиган нарсаларни харид қилинг. У албатта, ўзини оқлайди. Айниқса, кир ва идиш ювиш воситаларини сотиб олаётганда телевизорда реклама қилинаётганларини эмас, балки соғлигингизга зарари бўлмаганини, ёқимли ифорга эгаларини олишга ҳаракат қилинг. Бундай воситаларни ишлатганингиздан кейин уйингиз ёқимли ифорларга тўлади.

Ҳамма вақт ҳам уйда идеал тарзда тартиб ўрнатиб бўлмайди. Бундай тартиб фақат музейлардагина бўлади. Оила аъзоларингиздан буни талаб қиладиган бўлсангиз, уларни ҳам ўзингизни ҳам қийнаб қўясиз.

Кундалик уй тозалаш учун ҳар бир 1 соат вақтингизнинг 15 дақиқасини ажратинг. Бу уйингизни ораста сақлашингиз учун етадиган муддатдир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!