Россияда куйдиргининг илк қурбонлари аниқланди

10:28, 02 август

Россиянинг Ямало-Ненецк автоном округида 12 ёшли бола куйдирги касаллигидан вафот этди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Даҳшатли ташхис яна саккиз нафар кўчманчида аниқланган, улардан уч нафари болалар. Бу касаллик сўнгги 75 йил мобайнида бош кўтармаган эди. Ўнлаб одамларни тиббиёт ходимлари ўз назорати остига олган, ҳудудда қатъий карантин эълон қилинган, карантин эълон қилинган ҳудудда ФВВ ходимлари ва ҳарбийлар куйдирги билан курашни бошлаб юборган. Самолётларда зарурий техника ва кимёвий препаратлар ташилмоқда. 23 квадрат метр зарарланган ҳудудни дезинфекция ва дератизация қилиш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳудуддаги касалланган буғулар ҳам йўқ қилинди.

“Биз бу ҳудудда уч соатдан ортиқ бўлдик, барча ёнилғи-мойлаш материаллари, шиналар ва мавжуд бошқа нарсалар ҳам йўқ қилинади”, деди Ямало-Ненецк автоном округи губернатор муовини Михаил Каган. Ўтган ҳафтада Ямало-Ненецк тундраси ҳудудида карантин эълон қилинди. Хавфли касалликдан икки ярим мингдан ортиқ буғу жабр кўрган. Мутахассисларнинг фикрича, касалликнинг авж олишига Шимолда ҳаво ҳароратининг + 35° даражага кўтарилиб, исиб кетиши сабаб бўлган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!