Уйда тайёрлаш мумкин бўлган 6 мазали музқаймоқ

11:33, 03 август

Ёзнинг жазирамали кунларида жонимизга оро кирадиган ва салқинлик бахш этадиган музқаймоқларни ҳамма бирдек севиб истеъмол қилса керак. Бироқ, уларни уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкинлигини кўпчилик билмайди. Қуйида уй шароитида тайёрланадиган 6 хил мазали музқаймоқларнинг рецептларини келтириб ўтамиз

Сутли-творогли музқаймоқ
Керакли масаллиқлар: 
125 грамм ёғсиз творог
2 та тухум
1 стакан сут (ёғлилик даражаси 1%)
2 дона қулупнай
Таъбга кўра ванилинли шакар

Тайёрлаш жараёни:
Блендерда қулупнайни майдалаймиз. Тухум оқини сариғидан ажраттиб оламиз. Тухум оқини кўпик ҳолига келгунича кўпиртирамиз.
Ванилинли шакар қўшамиз ва кўпиртиришда давом этамиз,секин-аста бир хил масса ҳосилд бўлгунича творрог ва сутни қўшиб борамиз.
Тухум сариғини қўшамиз ва яна кўпиртирамиз. Ҳосил бўлган массага қулупнайни соламиз. Музқаймоқни тўла қотгунига қадар музлатгичнинг музхонасига солиб қўямиз. Бунда 3 соат ичида ҳар 30 дақиқада уни аралаштириб турамиз. 

Малинали эскимо
Керакли масаллиқлар:
300 грамм малина
1 стакан йогурт (унча ёғли бўлмаган)
Таъбга кўра шакар

Тайёрлаш жараёни:
Малинани ювиб, қуритамиз. Унга шакар қўшамиз ва бўтқа ҳосил бўлгунига қадар блендерда майдалаймиз. Йогуртни қўшамиз ва яна аралаштирамиз. Тайёр массани бир марта ишлатишга мўлжалланган стаканларга соламиз ва музлатгичага қўямиз. Массани ҳар соатда бир марта аралаштириб турамиз. Тўлиқ музлаб бўлмаган музқаймоқ ҳақиқий эскимога ўхшаши учун унга чўпчалар тиқиб чиқамиз.

Бананли музқаймоқ
Керакли масаллиқлар:
2 та банан
5 грамм майдаланган долчин
100 мл йогурт (ёғлилик даражаси 2 фоиздан ошмаслиги керак)
Таъбга кўра шакар 

Тайёрлаш жараёни:
Бананни бўлакларга бўламиз. Уларни музлатгичнинг музхонасига 1-1,5 соатга қўямиз. Бир муддат вақт ўтгач, банан, йогурт, шакар ва долчинни блендерда бир хил масса ҳосил бўлгунча аралаштирамиз. Тайёр бўлган массани тўла музлагунича музлатгичга қўямиз.

Олмали сорбет
Керакли масаллиқлар:
2 та олма
1/4 лимон
1 чой қошиқ асал
0,5 чой қошиқ майдаланган долчин
Тайёрлаш жараёни:
Олмани пўстидан тозалаб оламиз, бўлакларга бўлиб, юмшагунича қайнатамиз. Олмани совутиб, уни блендерда майдалаймиз. 
Асалга лимон шарбати ва долчинни қўшамиз.
Олмали массани асал ва лимонли масса билан аралаштирамиз.
Сорбетни идишларга солиб, музхонага 1 соатга қўямиз.

Мевали муз
Керакли масаллиқлар:
1 та киви
3 дона қулупнай
1 та ўрик
2 стакан кўк чой
Таъбга кўра шакар
Тайёрлаш жараёни:
Меваларни майда бўлакларга бўламиз ва уларни қолипларга солиб чиқамиз.
Кўк чойга шакар қўшамиз ва совутамиз. Махсус қолипларга чойни соламиз, унга меваларни солиб аралаштирамиз ва музхонага 1-2 соатга қўямиз.
Музқаймоқни дастурхонга тортишдан аввал уни қолипдан ажратиб оламиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!