Юрагимда сақлаганларим: “Синглимнинг шаънини ўйлаб...”

11:49, 03 август
  •  Кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас, — деди у чексиз надомат акс этган нигоҳларини ерга қадаганча. — Ҳатто баъзида ўз ҳаётимиздаги воқеаларга ҳам дахл қила олмай қоламиз. Аралашишга ҳаққимиз йўқдек туюлади. Кўрамиз, биламиз, аммо четда туришга, жим кузатишга мажбур бўламиз.

У илон акс этган нуқра узукли узун бармоқларини пешанаси бўйлаб юрғизаркан, енгилгина “уҳ” тортиб қўйди. Сўнг ҳеч бир пардозсиз ҳам зулукдек қорайиб турган қошларини чимирди. Катта, чарос кўзларини беркитишга уринган узун-узун киприкларини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандек, пастга тикилганча жим қотди. Шу ҳолида унинг кўзлари очиқми, юмуқми билиб ҳам бўлмасди.

У чинданда гўзал аёл эди. Лекин нима учундир, буни мен бир қарашда пайқамабман. Балки, қандай аёллигини билганим учун шунақа туюлгандир?

  • Ўзи нега келдим? — деди у нигоҳларини менга қаратаркан. Кейин истеҳзо билан кулиб, яна сўзлади. — Одам баъзида дардкаш қидиради. Бугун менга дардкаш керак бўлди.
  • Мен ишончли дардкашман, — дедим унга.

Сўзларим кучсиз ва сохта янграгандек бўлди ўзимга.

  • Биламан, шунинг учун ҳам келдим, — деди у хўрсиниб. — Танишлигингизга қарамай, гапларимни маҳаллага чиқариб, бор сиримни ёйишингизни билсам ҳам келдим. Чунки нотаниш психолог бу яқин-атрофда йўқ.

Мен унинг охирги гапларига эътироз билдирмадим. Сабаби, бир марта унинг ишончини паймол этгандим. Ўша воқеа эсга тушиб, ерга қарадим. Ким билсин, қизаргандирман, ҳам. Лекин дарҳол ўзимни қўлга олиб, қатъий дедим:

  • Ўзингиз айтганингиздек кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас. Аммо бугунги эшитганларим тишимдан ташқарига чиқмайди. Бемалол гапираверинг.
  • Буни мен кўп йиллар ичимда сақладим. Энди ўйласам, бундан фойда йўқ экан. Бугун гапириб енгил тортмоқчиман. Юракда турган нарса барибир қалбга ботади, қийнайверади. Ундан кўра айтиш ва қутулиш керак экан, — деди у.

 Мен айтмоқчи бўлганлари ўша воқеа билан боғлиқлигини ҳис қилдим. Аёл эса илон шаклидаги узугини ўйнаганча, маъюс сўзлай бошлади.

  • Эримнинг хиёнати туфайли ажрашиб келган вақтларим эди. Болам касал бўлиб қолди. Ҳали ишламас, уйдагиларнинг кўзига балодек кўриниб юрган дамларим. Зиғирча бўлсин оғирлигим тушишини истамайман. Шунинг учун шифохонага ўғлимни ўзим олиб бордим. Тинимсиз қусаётган, шалпайиб қолган боламни бағримга босганча жон ҳолатда кириб бордим. Синглим ишлаган, яна ўзимизнинг шифохона эмасми, ҳамма таниш. Шунинг учунми, терапевтнинг ҳузурига бостириб кирдим. Кирдим-у, қўлимда болам билан қотиб қолдим. Бир зум дилбандимнинг хасталиги ҳам эсимга келмади. Кўзларимга ишонмадим. Синглим шифокорнинг қучоғида турар, кўксига бошини қўйганча бир нималар деб шивирлашарди. Кутилмаганда бостириб кирганим, уларни ҳам шошириб қўйган, шунчалар ақлини олгандики, бир-биридан узоқлашишни ҳам ўйламай қотиб турарди.

Менинг миям эса яшин тезлигида ишлади. Бегоналарнинг нигоҳи тушмасин дея, дарҳол эшикни  ёпдим. Сўнг боламни бағримдан қўймай, бориб синглимнинг юзига шапалоқ тортдим. Ҳайронман, ўғлимни кўтариб турганим ҳолда буни қандай қилган эканман?

Шундан кейингина улар бир-бирини беихтиёр ўзидан итарди.

  • Ифлос! Уялмайсанми, оилали бўла туриб, ёш қизнинг бошини айлантиришга! — дедим шифокорга.
  • Астароқ! — деди у кўзлари катта-катта бўлиб.
  • Унинг ўрнига ўзингнинг синглингни қўйиб кўр, мараз! — дедим аламдан ёниб. — Бориб хотинингга айтаман!
  • Айт! Ўзингнинг синглингни ўзинг шарманда қил! Синглингнинг ўзига керак, билдинг! Хоҳласам, сенинг ҳам бошингни айлантираман! Ўлиб тургандирсан! — хунук иршайиб деди у.
  • Нима? Вой ифлос-е-ей! Оғзингга қараб гапир! Сени одам деб боламни олиб келибман-а? Сенга ўхшаганлардан яхшилик кутиб бўлармиди? Ундан кўра бошқа жойга олиб бораман!

Шу пайт эшик очилиб, қўшни хонадаги шифокор кириб келди. Ҳамшираю беморлар бўйнини чўзиб қарай бошлади.

  • Тинчликми? — деди ҳалиги дўхтир.

Мен тўлиб турганим учун йиғлаб юбордим. Синглим шундоқ ҳам қўрқув ва шармандаликдан юм-юм йиғлаётганди.

  • Мана бу ифлос... хотинбоз... — дедим-у тилимни тишладим. Чунки ҳали турмушга чиқмаган синглимнинг шаъни мени гунгга айлантирди. Ҳозир бор воқеани айтсам, унинг номи ёмонга чиқар, шу билан келажаги барбод бўларди.
  • Хотинбоз? — ҳалиги шифокор ҳам ҳамма гапни билиш учун атай ўсмоқчилаб деди. — Сизга бирор нима дедими?

Мен жим қолдим.  

  • Бирор нима дедингми? — ҳамкасбига қаради у.
  • Йўғ-е, нотўғри тушунди. Шунчаки ўзимга яқин олиб елкасига қўлимни қўйгандим...

У бу сўзларни синглимга нисбатан айтаётганини сезиб, дарров тилидан гапини олдим:

  • Бола қолиб, менга қўл чўзасанми, ифлос! Боламни кўрсатгани олиб келгандим...
  • Туҳмат қилма! — бақирди у чидолмай. — Мен...

Унинг нима демоқчилигини билиб, дарҳол тўхтатдим:

  • Бўлди. Ҳозир бир четга ўтамиз-у, гаплашиб оламиз. Дўхтир сиз боламни кўриб туринг, — ўғлимни синглимнинг қўлига тутқаздим ва ҳалиги шифокорга тайинладим. — Қусяпти, яхшилаб текширинг.

Кейин дарҳол ҳалиги терапевтнинг қўлтиғидан олиб, ташқарига етакладим. Шунчалик тутаб, ёниб турган бўлсам-да, босиқлик билан дедим:

  • Илтимос, синглим ҳақида ҳеч нарса деманг. Келажагини ўйланг! Тинч қўйинг! Сўраганларга майли мени бирор нима денг. Лекин синглимни...
  • Синглингни тинч қўяман. Лекин... сенинг бошинг очиқ-ку! Гаплашиб турсак бўлар... — деди у менга кўзларини лўқ қилиб.

Жоним ҳалқумимга келди. Қани, дунё кўтарса, бўғиб ўлдирсанг. Барибир ўзимни тутолмадим, юзига шапалоқ тортдим. У бўлса қўлимдан маҳкам тутди-да, алам билан деди:

  • Шу қилганинг учун ҳам бир мартага хотин қиламан сени!

Мен ҳеч нарса деёлмадим. Қўлимни куч билан тортиб олдим-у, ортимга қайтдим. Табиийки, буни суҳбатни шифохонада кўпчилик кўрди. Албатта, ҳамма бизнинг орамизда нимадир бор деб ўйлади. Ҳарқалай, терапевт мард чиқди, синглим ҳақида лом-мим демади. Афсус, мен унинг маъшуқасига чиқдим. Бу ҳақда унинг ўзи гап тарқатибди. Жанжал ҳақида сўраганларга, киноя билан “Бир эридек кўриб, эркалик қилди-да! Тушунтирдим, бошқа бундай қилмайди. Оилам мен учун биринчи ўринда туришини қулоғига қуйдим”, дебди.

Бу воқеадан кейин уйда катта жанжал бўлди. Акам, отам қўл кўтарар даражагача борди. Лекин мен ҳея нарса демадим. Боя айтганимдек ҳаётимиздаги кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас. Уларни жимгина ўтказиб юборишдан бошқа чора тополмаймиз. Мен ҳам шундай қилдим. Ҳаммасини сукут билан енгишга ҳаракат қилдим. Кейин сиз чақирдингиз.

  • Эримни тинч қўй, ифлос! — дедингиз кўзларимга тик қараб.
  • Сиз психологсиз. Одамларнинг феълини, хулқини бир қарашда биласиз. Айтинг, мен шунақа аёлга ўхшаяпманми? Эрингиз билан ишим ҳам йўқ. Ўша куни тушунмовчилик бўлди, — дедим ва жим қолдим. Табиийки, қолган гапларни айта олмасдим.
  • Нима бўлганини сендан яхши биламан, — дедингиз ғазаб билан. — Бошингда эринг йўқ. Қарасанг, эрим хушрўйгина, топарман-тутармон! Дарров кўзингни сузгансанда... Фоҳиша, бузуқ!
  • Ҳа, шундай бўлди! — дедим ортиқ тоқат қила олмай. — Илтимос, буни бошқаларга айтманг. Севиб қолгандим, эрингизни. Лекин оиласини бузмоқчи эмасман. Тинч қўяман, хотиржам бўлинг!

Бу гапларимни сиз чиқа солиб, оламга жар солдингиз: “Эримни севишини тан олди, лекин таъзири бердим. Агар яна эримга осилса, сочини битталаб юламан....”

Мен эса ўзим ҳақимдаги, ўз ҳаётимда бўлаётган воқеаларни сукут билан кузатишдан бошқасига ярай олмадим. Синглимни ўйладим. Шукрки, у ўз тенгини топди. Бахтидан тинди. Бугун икки боланинг онаси. Энди унинг ҳаётига ҳеч ким раҳна сола олмайди. Лекин мен...

Аёл ҳикояси шу ерга келганида менга бир қараб олди. Тим қора, йирик кўзлари ўта жозибали эди. Негадир у жилмайди. Сўнг сўзида давом этди:

  • Мен ҳаловатимни йўқотдим. Ҳаловат истаб келдим, ёнингизга. Бу гапларни аслида айтмасам ҳам бўларди. Лекин... эрингиз... ўшандан буён менга тинчлик бермайди. “Мени севишингни хотинимга айтибсан-ку!” дея ҳол жонимга қўймайди. Аламдан, жаҳлдан тўлиб кетганимдан айтганимни тушунишни ҳам истамайди. Мана, бор ҳақиқатни билдингиз. Буларни кимгадир айтиш-айтмаслик ихтиёрингизда. Лекин илтимос, эрингизга психолог сифатида тушунтиришга, маслаҳат қилишга сўз беринг. Мен тинч яшашни истайман! Тўғри, ўшанда синглим ёшлик қилмаганида, унинг ор-номусини, шаънини, номини ўйламаганимда ўзимни ўзим ёмонга чиқармасдим. Энди яхшилигимга биров ишонмайди ҳам. Аммо тинч яшашга ҳаққим бор-ку! Мени тушундингиз, а?

Нима учундир унга ҳавасим келди. Балки, унингдек фидойи опам бўлишини истагандирман, эҳтимол, у каби гўзал бўлгим, эримнинг эътиборини тортгим келгандир, нима бўлганда ҳам унда ҳавас қилгулик фазилатлар кўплигига амин бўлдим...

КАМИНА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!