Рио-де-Жанейро шаҳрида Ўзбекистон байроғи кўтарилди

15:32, 03 август

ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрига етиб борган Ўзбекистон спорт делегацияси шарафига Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграб, давлат байроғи кўтарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишларича, шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари, Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси ҳамда Рио-де-Жанейро шаҳри маъмурияти вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган. 

ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил ва оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби спорт турлари бўйича ўтказиладиган беллашувларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов нутқ сўзлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!