ЖЧ–2018 саралаши. Ўзбекистон – Сурия учрашувини япониялик ҳакамлар бошқариб боради

17:32, 03 август

Жаҳон чемпионати–2018 саралашининг учинчи босқичи доирасидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг дастлабки учрашувини япониялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси саралашнинг учинчи босқичини 1 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Сурияга қарши ўйин билан бошлайди. Ушбу ўйинни бошқариб бориш учун ФИФА томонидан япониялик ҳакамлар гуруҳи тайинланган.

Ўйин бош ҳаками сифатида ФИФА ҳаками Сато Рюжи иш олиб борса, унга қанотларда ватандошлари Тору Сагара ҳамда Хироши Ямаучи ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам – Хироюки Кимура. Ҳакамлар назоратчиси – бахрайнлик Абдулраҳмон Алделавар бўлса, комиссар – Ни Сен Тоҳ (Малайзия).

Таъкидлаш керакки, Жаҳон чемпионати–2018 турнирининг учинчи саралаш босқичига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги йиғинни шу йилнинг 20 август куни бошлайди.

Йиғин доирасида миллий терма жамоа 24 август куни Яман термасига қарши Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Шундан сўнг, ЖЧ–2018 турнирининг учинчи саралаш босқичига киришилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!