Япония бош вазирининг рафиқаси Ўзбекистонга келди

10:19, 04 август

Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 

Икки мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида 2016 йил 3 август куни Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ ҳамда япон маданият ва санъат намояндаларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Тошкент халқаро аэропортида Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олди. 

Делегациянинг ташрифи давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган япон аскарлари дафн этилган хотира мажмуасини зиёрат қилиш, Ўзбекистон Амалий санъат музейи билан танишиш, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида Япониянинг «Драм Тао» ижодий жамоасининг концерт дастури намойиш этилиши белгиланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!