Туркиялик икки она фарзандлари чизган суратлар асосида ўзига хос тақинчоқларни яратди (Фото)

10:42, 04 август

Туркиялик Жасмин Эрдин Тавукчу ва Озгур Каравит исмли аёллар фарзандлар тарбияси билан меҳнат фаолиятини бирга олиб боришнинг энг қулай усулини топишди, деб хабар берди “Deti.mail.ru” нашри.

 

Улар фарзандлари чизган суратларнинг намунаси асосида тақинчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. Бу ғоя янгилик бўлмаса-да, улар ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиб, муваффақиятга эришдилар. Жасмин ва Озгур аввалига фақатгина ўз фарзандларининг суратларидан фойдаланишган бўлса, кейинчалик бошқа ота-оналарнинг буюртмасига асосан уларнинг фарзандлари суратларини ҳам қабул қила бошлашган. Бундай суратлар асосида яратилган занжир кулонлари, тўғнағичлар, билагузуклар ота-оналарга фарзандларидан бир умрга эсдалик бўлиб қолади. Тақинчоқлар асосан олтин суви югуртирилган кумуш ва кумушдан қўлда тайёрланади. Заргарлар баъзида уларга лазер ёрдамида турли нақшлар ҳам солишади. Тақинчоқларни тайёрлаш учун бир ҳафта вақт кетади, уларнинг нархи эса 125$ дан 195$ гача боради.

“Суратлари асосида тайёрланган тақинчоқларни кўрган болалар, жуда хурсанд бўлишади, – дейди Жасмин The Huffington Post нашрига берган интервьюсида, – катталар уларнинг санъатини қадрлаётганини кўргандан кейин, ўз меҳнатларидан фахрланиш туйғуси уйғонади”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!