Тошкентда “Пахтакор-79” хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилади

15:54, 04 август

Шу йилнинг 11 август куни “Пахтакор-79” жамоаси аъзоларининг вафотига сабаб бўлган авиафалокат содир бўлганига 37 йил бўлади. Мана шу муносабат билан 11 август куни Тошкентда бир нечта тадбирлар бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. 

Аввалига, 09:00 да футбол жамоатчилиги “Пахтакор” стадиони ҳудудида жойлашган “Пахтакор-79” ёдгорлиги олдида жамланади. Бу ердаги хотирлаш маросими якунлангач, йиғилганлар авиафалокат оқибатида дунёдан кўз юмган “Пахтакор” футболчилари дафн қилинган Боткин қабристонига ташриф буюришади.

Тадбирларда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, 5-10 август кунлари давомида болалар ўртасида Тошкентда “Пахтакор-79” хотира турнири бўлиб ўтади.

1979 йил авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган жамоа аъзолари хотирасини ёд этиш мақсадида ўтказиладиган турнирда мамлакатимизнинг 12 жамоаси 2001 йилда таваллуд топган тарбияланувчилар билан иштирок этади. Бухоро, Урганч, Самарқанд, Жиззах, Чуст, Термиз, Қўқон, Олмалиқ жамоалари билан бирга "Пахтакор", "Пахтакор-2" (2002 йил) ва БЎСМ-16 жамоалари турнирда қатнашади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!