Ўзбекистонда 10 августдан 2000 га яқин мактаб ярмаркалари ташкил этилади

16:07, 05 август

5 август куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Республика болалар кутубхонасида мактаб бозори ва ярмаркаларини ташкил этиш бўйича брифинг ташкил этилди. Брифингда халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов иштирок этди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1978 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади.

Мактаб ярмаркаларининг 967 таси умумий урта таълим мактабларида уларга 6407 та мактаблар бириктирилган ҳолда ташкил этилиб, улардан 3 172 483 нафар ўқувчи, 211 та академик лицей ва касб- ҳунар коллежларида ўтказиладиган ярмаркалардан 1 279 262 нафар ўқувчи, 307 та аҳоли гавжум бўлган бозорларда, 493 та йирик савдо мажмуаларида ташкил этиладиган ярмаркалардан 1 498 400 нафар ўқувчилар фойдаланади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли хамда чўл ҳудудларга 98 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!