Ўзбекистон термаси Африка жамоасига қарши куч синашади

17:16, 05 август

Жаҳон чемпионати–2018 саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 24 август куни Тошкентда Африка қитъаси вакили Буркина-Фасо термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин “Бунёдкор” стадионида ўтказилади, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.

24 август кунига белгиланган Ўзбекистон–Яман учрашуви Яман Футбол Федерациясининг ташаббуси билан бошқа кунга қолдирилиш сўралган. Аммо икки терма жамоанинг ўзаро келишувига кўра ушбу ўйин ўтказилмайдиган бўлди. Яман Футбол Федерацияси бош котиби Ҳамид Ал-Шайбоний имзолаган мактубда айтилишича, Сано халқаро аэропортидаги аҳвол ёмонлашган ва вазият ўнглангмагунча футболчилар мамлакатни тарк эта олмайди. Шу сабабли Яман футбол федерацияси учрашувни бошқа кунга кўчиришни сўраб, Ўзбекистон томонининг тўғри тушунишига умид билдирган.

Буркина Фасо билан ўртоқлик ўйинига тайёргарлилар доирасида Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги йиғинини 20 август куни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 турнирининг учинчи саралаш босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси “А” гуруҳидан жой олган бўлиб, Эрон, Жанубий Корея, Сурия ва Хитой терма жамоаларига қарши баҳс юритади. Миллий терманинг учинчи саралаш босқичидаги биринчи ўйини 1 сентябрь куни Тошкентда, Сурия терма жамоасига қарши ўтказилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!