Бугун Тошкентда янги истироҳат боғи очилади

10:25, 08 август

Пойтахтда янги "Анҳор-Локомотив" дам олиш ва истироҳат боғи қурилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Истироҳат боғининг Facebook`даги саҳифасида маълум қилинишича, бугун, 8 август куни мазкур боғ барча дам олувчилар учун ўз эшикларини очади.

Боғ Тошкент шаҳридаги Лабзак ҳамда Зулфияхоним ("Анҳор" канали) кўчалари оралиғида жойлашган.

“Uz24”нинг хабар беришича, мазкур истироҳат боғидан республикада энг катта ҳисобланган картодром (майдони 12 000 кв.м.), фильмлар намойиш этиладиган, концертлар ўтказиладиган ёзги майдон, майдони 1 810 кв.м. бўлган, катамаран ва ретро-машина шаклидаги электр қайиқлари бўладиган сунъий сув ҳавзаси, 4 та кинозал, 320 ўринли ресторан, янги кафе, автотураргоҳлар ўрин олган.

Турли рангда товланувчи улкан фаввора, автодром, аттракционлар ҳам ташриф буюрувчилар учун ҳозирланган.

Янги боғда, шунингдек, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор архитектура ёдгорликлари -  Тошкент телеминораси, Калта Минор (Хива) минори, Шердор мадрасаси (Самарқанд), Минораи Калон (Бухоро), Бобур ёдгорлик мажмуаси (Андижон), Тошкент курантлари ва Амир Темур давлат музейи каби иншоотларнинг макетлари ҳам қурилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!