Қисмати фожиали якун топган 7 буюк аёл

12:09, 08 август

Қуйида сизни “Lady.mail.ru” нашри ХХ асрнинг буюк ва машҳур, аммо ҳаёти фожиа билан якун топган аёллар тақдири билан таништиради.

Мэрилин Монро

Бўлажак кино юлдуз ҳали бола эканлигидаёқ, унинг онаси руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолади. Қизча қариндошлариникида, меҳрибонлик уйларида сарсон-саргардон бўлиб, кун кечиради, жисмоний қийноқларга учрайди. У 16 ёшга тўлганда мажбурлаб, турмушга беришади. Машҳурлик, юлдузлик унга бахт бера олмади. Атрофи мухлисларга, ошиқларга тўла бўлса-да, Мерилин Монро ўзини жуда ёлғиз ҳис қилган. У жудаям фарзанд кўришни орзу қилган. Актриса сирли тарзда вафот этган. У уйида қўлида телефон гўшагини тутганча, жон таслим қилган. Ёнидан эса уйқу дориси топилган.

“Мэрилин Монро бўлишнинг нимаси яхши? Нимага мен оддийгина, оилали, фарзандли аёл бўлолмайман? Мен атиги биргина фарзандим бўлишини истардим...” деганди Мэрилин Монро

Анна Ахматова
Анна Ахматованинг яқинлари қатағон қурбонлари бўлган. Шоиранинг биринчи турмуш ўртоғи Николай Гумилев отиб ўлдирилган бўлса, иккинчиси қамоқда вафот этган. Унинг ўғли ҳам узоқ йиллар қамоқда сақланган. Анна Ахматова Сталинга ўғлини озод қилишни илтимос қилиб, хат ёзган, аммо мактуби жавобсиз қолган.
“Бизнинг қисматимиз, ҳаётимиз олдида Шекспир фожиалари, дуэллар ўйинчоқ ва майда икир-чикирлардир”, деганди Анна Ахматова.

Вивьен Ли
Вивьен Ли актёр Лоуренс Оливьега турмушга чиққан эди. Аммо турмуш ўртоғи Вивьеннинг муваффақиятларидан хурсанд бўлиш ўрнига, уни кўролмасди. Бир сафар рафиқаси қўлга киритган “Оскар” мукофотини деразадан ирғитиб юборади. “Шамолларда қолган ҳисларим” фильмида суратга тушиш унинг бошига кўп кулфатларни келтирди. Жисмонан заифлиги туфайли аввалига маникал депрессия касаллигига чалинган бўлса, 1945 йилда сил касаллигини юқтиради. Кейинчалик эса руҳий изтироблар туфайли ақлдан озади, баъзан эрини ҳам танимай қолади, руҳий касалхонада даволанади. Лоуренс Оливье Вивьен Ли билан турмуш кечиришга тайёр эмасди. У рафиқасидан ажрашишга, бошқа аёлга уйланишга рухсат сўрайди. Вивьен эридан ажрашгандан кейин орадан етти йил ўтгач, навбатдаги касаллик хуружи пайтида вафот этади.
“Шамолларда қолган ҳисларим” фильмидаги Скарлеттнинг: “Яхшиям, онам мени бошимга тушган кулфатларни кўрмай, вафот этган. Бўлмаса, қизи не аҳволга тушганини кўрганда борми?” деган гапи айнан мен ҳақимда айтилган”, деган эди Вивьен Ли.

Марина Цветаева
Фуқаролик урушидан кейин шоира турмуш ўртоғи Сергей Эфрон билан муҳожирликда кун кечиради. Аммо турмуш ўртоғи совет ҳукумати билан ҳамкорлик қилгани учун унинг асарлари чоп этилмайди. Унинг оиласи очликдан, қашшоқликдан қийналгандан кейин ватанига қайтишга мажбур бўлади. Аммо уни бу ерда мудҳиш хабарлар кутарди. Шоиранинг опаси бир неча йиллардан бери қамоқда ўтирарди, унинг ортидан эса қизи ҳам қамалади. Маринанинг турмуш ўртоғини коммунистлар отиб ўлдиради. 1941 йилда ўғли билан эвакуация қилинган шоира ўзини осиб ўлдиради.

“Қанчалик қашшоқликда яшаётганимни ҳеч ким билмайди. Ёзганларимнинг орқасидан пул топаман. Эрим касал, ишлай олмайди. Қизим эса шляпачалар тикиш орқали арзимаган пулни топади. Яна саккиз ёшли ўғлим бор. Бор даромадимиз шундан иборат, арзимас чақалар орқали кун кечирамиз. Бошқача қилиб айтганда, аста-секин очликдан ҳалок бўляпмиз...”, деган эди Марина Цветаева.

Фрида Кало
6 ёшлигида полиомиелит касаллигини бошидан кейирган Фриданинг бир оёғи иккинчисидан ингичка бўлиб қолади, 18 ёшга тўлганида эса у кетаётган автобус трамвай билан тўқнашиб, даҳшатли автоҳалокат юз беради. Автоҳалокат оқибатида қизнинг умуртқаси, қовурғаси, ўмров суяги, тос суяги, ўнг оёғи синади. Елкаси чиқади, қорнига эса металл қадалади … Чаққон ва ҳаётсевар Фрида тўшакка михланади. Уни бир умр соғлиги қийнайди. Бир умр фарзанд кўришни орзу қилади. Ўнлаб жарроҳлик операцияларини бошдан кечиради. Фрида нафақат тан жароҳатидан, балки руҳий азоблардан ҳам қийналади. Турмуш ўртоғи рассом Диего Ривера доимо унга хиёнат қилади. У ҳаттоки Фриданинг катта опаси билан ҳам ишқий муносабатда бўлади. Улар бир неча маротаба ажрашишга ҳаракат қилишади, аммо бир-бирисиз яшай олмасликларини англагандан кейин қайтадан турмуш қуришади. Машҳур рассом Фрида Кало ўпка шамоллашидан вафот этган.

“Менинг ҳаётимда икки фожиа рўй берган: биринчиси трамвай автоҳалокати бўлса, иккинчиси турмуш ўртоғим Диегодир. Аммо иккинчиси, биринчисидан кўра даҳшатлироқдир”, деган эди Фрида Кало.

Грейс Келли
Машҳур актриса Грейс Келли Монако князи Рене III га турмушга чиққандан кейин, эрининг қариндош-уруғлари норози бўлгач, ишини ташлашга мажбур бўлади ва ҳаётини бутунлай оиласига, фарзандларига бағишлайди. Аммо “Олтин қафас”даги ҳаёт унга бахт келтирмайди. Турмуш ўртоғи Рене одамови бўлиб, ҳеч кимга қўшилмас, баъзан эса ҳамманинг олдида рафиқасининг устидан куларди. Грейснинг омма олдидаги машҳурлигидан нафратланарди. Рафиқасининг хайрия ишлари билан шуғулларини ҳам унинг жаҳлини чиқарарди. Грейснинг фарзандлари жуда эрка ва тантиқ бўлиб вояга етади. Грейс бир умр актрисалик фаолиятини давом эттиришни орзу қилади…  У рулда кетаётганда юраги хуруж қилади ва эртаси куни касалхонада вафот этади.

“Монакода, Реньенинг рафиқаси сифатида биргина ролни ўйнашим мумкин, у ҳам бўлса Реньенинг маликаси ролини...” деган эди Грейс Келли.

Жаклин Кеннеди
Журналист, мода юлдузи, АҚШнинг биринчи хоними бўлган Жаклин Кеннеди оилавий ҳаётда жуда бахтсиз эди. Уни Кеннедилар оиласи совуқ кутиб олади, эри эса хиёнат қилишдан чарчамайди. Илк фарзанди ўлик туғилган бўлса, иккинчиси эса туғилгандан кейин бир неча кундан кейин вафот этади. Президентнинг бахтли рафиқаси ролини ўйнаш ундан жуда катта куч талаб қиларди. Аммо унинг кўз олдида турмуш ўртоғи Жон Кеннедини отиб ўлдиришгач, эрининг қонга беланган костюмни эгнидан ечмай, кийиб юради. Жон Кеннедининг вафотидан беш йил ўтгач, Жаклин грециялик тадбиркор Аристотель Онассисга турмушга чиқади. Аммо орадан кўп ўтмай, у иккинчи эридан ҳам ажрайди, ўзи эса тўқсон ёшида саратондан вафот этади.

“Оқ уйда яшашни, бир лаҳзадан кейин президентнинг беваси бўлишдек бахтсизликни ким ҳам тушунарди? Бу вазиятдан чиқиб кетишнинг иложи йўқ. Болаларим нима бўлади? Бутун дунё уларга ачинмоқда, улар омманинг эътиборида бўлгани учун, болаларимнинг келажагидан қўрқаман. Уларга бахтли болаликни қайтариш қўлимдан келармикан?”, деган эди Жаклин Кеннеди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!