Ўзбекистонда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши кутилмоқда

12:29, 08 август

2016 йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлис “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси билан бошланди. Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. 

“Соғлом она ва бола” йили Давлат дастурида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш, ушбу соҳада қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш имконини беришини таъкидлади. 

Шундан кейин депутатлар эътиборига “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертларни ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинди. 

Фракция аъзоларининг фикрича, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш ишларини самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки унда ички ишлар органлари ҳуқуқий мақоми яхлит қонун даражасида тартибга солиниб, уларнинг ташкилий тузилмалари, вазифалари ва фаолият тамойиллари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат ва жамиятдаги ўрни ва роли аниқ белгилаб берилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 24−25 август кунлари Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақдаги қарор 5 август куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!