Юрагида туғма нуқсони бўлган 4 нафар бола Корея Республикасида даволаниб қайтди

12:21, 09 август

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди хайрия тадбири доирасида Корея Республикасининг «Junior Chamber International – JCI» халқаро ёшлар ташкилоти молиявий кўмагида юрагида туғма нуқсони бўлган бир гуруҳ ўзбекистонлик болаларнинг Жанубий Кореядаги етакчи клиникалардан бирида даволанишини ташкил этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Баркамол авлод тарбияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. «Соғлом авлод учун» фонди ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. 

Фонд ўз фаолияти давомида ўзбекистонлик болаларни мамлакатимиз ва хориждаги энг яхши клиникаларда соғломлаштиришга доир турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Масалан, «Junior Chamber International – JCI» халқаро ёшлар ташкилоти билан ҳамкорлик самарасида 2008-2015 йилларда Жанубий Корея мутахассислари Ча университети қошидаги «Пундан Ча» госпиталида юртимиздан 56 болани операция қилди. 

Яқинда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида юрагида туғма нуқсони бўлган 25 бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 4 нафари Ча университети қошидаги «Пундан Ча» госпиталига даволаниш учун юборилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!