Италияда полициячилар ёлғизликдан азият чекаётган кекса эр-хотинга овқат пишириб берди

14:51, 09 август

Италия пойтахти Рим шаҳри Аппио-Латино туманида жойлашган уйда яшовчи фуқаролардан бири полицияга қўнғироқ қилиб,қўшни уйда кимдир йиғлаётганини маълум қилган, деб ёзади “Tjournal” нашри. 

Айтилган манзилга етиб келган полициячилар бу ерда ҳеч қандай жиноят аломатларини кўрмаган. Тўрт нафар полициячилар айтилган манзилда 84 ёшли Жоли ва унинг 94 ёшли турмуш ўртоғи Микеле яшашини аниқлаган. Маълум бўлишича, кекса эр-хотин телевизорда нохуш хабар ва янгиликларни кўриб, тушкунликка тушган ва йиғлай бошлаган.

70 йилдан бери бирга яшайдиган кекса жуфтлик сўнгги пайтларда ўзларини ўта ёлғиз ҳис этаётгани, яқинлари таътилда чет элга кетгани ва телевизор орқали ўта нохуш хабарларни кўраётганини билдирган. 

Полиция кексаларни кўриб қўйиши учун тез тиббиё ёрдам чақирган. Тез ёрдам келгунига қадар офицерлардан бири Жоли ва Микеле учун пишлоқли ва сариёғли спагетти тайёрлаб берди. Яна уч нафар полициячи эса кекса жуфтлик билан суҳбатлашиб ўтирган. 

“Бу жиноят эмас. Жоли ва Микеле фирибгар ва ўғриларнинг қурбонига айланмади. Бироқ, ёлғизликдан азият чеккан икки кекса кишини қутқариш бизга мураккаб масала бўлди”, — дейди полициячилардан бири.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!