Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари марказининг даволаш-диагностика корпуси қурилади

16:39, 09 август

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори (pdf) билан «Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитацияси марказининг даволаш-диагностика корпусини қуриш ва жиҳозлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бу ҳақда “Дарё” дея хабар бермоқда UzDaily.

Ҳужжат соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, республика даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таянч-ҳаракатланиш тизими касалликларига чалинган болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қабул қилинди.

Лойиҳа доирасида Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Салар посёлкаси, Бонур кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитацияси марказининг 200 ўринли даволаш-диагностика корпусини ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, жиҳозлаш режалаштирилган.

Лойиҳа 2017 йил 1 январгача бажарилади ва SYNECТА а.s. (Словакия) компанияси томонидан бериладиган беғараз ёрдам маблағлари ҳисобига амалга оширилади, келгусида объект Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига берилади.

Ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ, объектни қуриш қиймати 55 миллиард сўмни, уни жиҳозлаш қиймати эса 7 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!