Стрессни енгиш ва хотиржам ухлашнинг 4 усули

12:53, 10 август

Стресс — уйқусизликнинг асосий сабабларидан биридир, дейди “Lifehacker.ru” нашри . Инсон уйқуга тўймагандан кейин, мияси чарчаб, тўғри фикрламайди, ҳаётини бошқара олмайди. Бу эса асабингизни янада таранглаштиради. Қуйида сизни стрессни ва уйқусизликни енгишнинг 4 усули билан таништирамиз.

Онгли медитация
Онгли медитациянинг асл моҳияти барча ўй-фикрлардан, ҳис-туйғулардан холи бўлиб, ақл ва танани кузатишдир. Бу жараён инсоннинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, уйқуни яхшилайди. 2015 йилда ўтказилган тадқиқотлар онгли медитация уйқусизлик, депрессия ва чарчоқни енгишини исботлади.

Онгли медитация қуйидагича амалга оширилади:
•  Ўзингизга қулай ҳолатда ўтиринг;
•  Нафас олишингизга эътибор беринг;
•  Агар чалғиб, фикрингиз чувалашса, нафас олиш ва нафас чиқариш ҳақида ўйланг.

Чуқур нафас олиш
Чуқур нафас олиш ва унинг частотаси қон босими ва пульсга таъсир қилади. Қуйидаги техникалар чуқур ва хотиржам нафас олишингизга ёрдам беради:
•  Диафрагма орқали нафас олиш. Ўтиринг ёки ётинг. Бурун орқали ўн марта нафас олинг. Бунда кўкрак билан эмас, иложи борича қорин мушаклари ёрдамида нафас олишга ҳаракат қилинг. Кейин яна ўнгача санаб, қорин орқали нафас чиқаринг. Бу жараённи 5-10 маротаба такрорланг.
•  4–7–8 тартибида нафас олиш. Бу техникани Эндрю Вейл (Andrew Weil) уйқусизликдан қийналган мижозлар учун махсус ўйлаб топган. Тилингизни тишингизнинг тепа қисмига тиранг. Оғзингиз орқали ҳуштак чалаётгандай нафас чиқаринг. Кейин оғзингизни ёпинг, тўртгача санаб бурун орқали нафас олинг. Еттигача санаб, нафас чиқармай туринг. Саккиз дегандан кейин ҳуштак чалаётгандай нафас чиқаринг. Бу жараённи уч маротаба такрорланг.

Мусиқа эшитиш
Мусиқа эшитиш стрессни, хавотирни ва уйқусизликни енгиб, инсонни тинчлантиради. 
Мумтоз қўшиқларни, енгил жазни, майин мусиқий оҳангларни, ўзингиз ёқтирган табиат овозларини тинглаб, ором олинг. Чироқни ўчириб, қороғи хонада ётганча, мусиқа тингланг.

Медитатив ҳаракатлар
Бундай ҳаракатлар йога ва тай-чида мавжуддир. Уларнинг уйқуга ижобий таъсир қилиши олимлар томонидан тасдиқланган. Ҳаракатлар орасидан қай бирини танлашингизнинг аҳамияти йўқ, аммо ҳеч бўлмаганда ҳафтасига уч маротаба шуғуллансангиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тай-чи — қадимги хитой гимнастикаси бўлиб, чуқур нафас олишни ва енгил ҳаракатларни   ўз ичига олади. Бу машқлар ортиқча асбоб-ускунани талаб қилмайди. Уни ёлғиз ёки кўпчилик бўлиб бажариш ҳам мумкин.

Йога турли касалликларга даво бўлиб, ҳомиладорлик вақтида ҳам кайфиятни кўтаришга, уйқусизликдан халос қилишга хизмат қилади. Ўзингизга мос келадиган йога техникасини танлаб олинг. Аммо бир-икки машқдан кейин дарров самарали натижага эришаман, деб ўйламанг. Сабр-бардош билан шуғулланишда давом этинг, шунда ҳар қандай қийин вазиятлардан осонлик билан чиқиб кетиб, хотиржамликка эришасиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!