Ҳиндистонлик ҳуқуқни ҳимоя қилувчи аёл 16 йиллик очликни тўхтатди

15:25, 10 август

Ҳиндистонлик ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Иром Шармила исмли аёл дунёда энг узоқ давом этган, 16 йиллик очликни тўхтатди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

Унинг очлик эълон қилишига Манипур штатидаги парламент сайловларида иштирок этгани сабаб бўлган. У 2000 йилнинг ноябрь ойида ўзи туғилиб ўсган Манипур штатида ҳукуматнинг Assam Rifles ҳарбий бўлинмаси томонидан 10 нафар тинч аҳоли ўлдирилгандан кейин очлик эълон қилган.

Иром Шармиланинг айтишича, маҳаллий ҳарбийлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун-қоидаларини мунтазам равишда бузиб келади ва ўзларининг бу ҳаракатларига қонун олдида жавоб бермайдилар.

Ҳиндистонда ўз жонига қасд қилган одам жиноий жавобгарликка тортилади. Иром Шармила очлик эълон қилгандан кейин умрининг бир неча йилини қамоқда ўтказишга мажбур бўлди. Қамоқхонада овқатланишдан бош тортгач, бурнига ўрнатилган найча орқали кунига икки маҳал мажбурий равишда овқатлантирилган. 

Врачларининг маълумот беришича, Шармила ҳозир мустақил равишда овқатлана олмаганлиги сабабли тиббий муолажага муҳтождир.

Суд уни бир неча минг рупий гаров эвазига қамоқдан озод этган (150 доллар), шунингдек очликни бас қилгани ҳақида тушунтириш хати ёзишни талаб қилган. 

“Бундан 16 йил илгари очлик эълон қилганимда, тизимни ўзгартира олишимга ишонгандим. Аммо бу ҳеч қандай натижа бермаслигини англаб етдим. Шунинг учун энди очликни бас қилиб, сиёсат билан шуғулланишни, адолат учун курашишни ният қилдим”, деб ёзди Иром Шарма.

Дунё ва ҳинд ОАВлари унга “Темир аёл” деб ном беришган. Иром Шарма инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қанча халқаро мукофотлар совриндоридир. 2013 йилда Amnesty International ташкилоти уни “Виждон асираси” деб атади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!