Қамчиқда Spark автомобилининг жарликка қулаши оқибатида 1 киши ҳалок бўлди

15:33, 10 август

“Тошкент—Ўш” автомобиль йўлидаги Қамчиқ довонининг 229 (152) километрида «Водий—Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Spark русумли автомашина ҳайдовчиси 7 август, якшанба куни йўлнинг бир томонлама қатнов қисмида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилди ва йўл четига – жарликка ағанади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда.

Қамчиқ қидирув-қутқарув махсус бошқармасининг 7 кишидан иборат шахсий таркиби зудлик билан воқеа содир бўлган жойга етиб борди. Йўл-транспорт ходисаси оқибатида автомашинадаги йўловчилардан бири — Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган Мафтуна Абдураҳимова (1991 йил) воқеа жойида оламдан ўтди, ҳайдовчи ва уч нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олди. 

Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!