Америкалик келинни меҳроб олдига отасининг юраги кўчириб ўтказилган одам етаклаб борди

15:44, 10 август

Турмушга чиқаётган америкалик Жени Степиенни (Jeni Stepien) никоҳ маросими куни меҳроб олдига вафот этган отасининг юраги кўчириб ўтказилган Артур Томас (Arthur Thomas) исмли эркак бошлаб борди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

2006 йилда ресторанда ишловчи 53 ёшли Майкл Степиен кечаси ишдан қайтаётганда, 16 ёшли бола ҳужум қилиб, унинг бор-будини тортиб олмоқчи бўлади. Ўртада бўлган олишувдан кейин ўсмир эркакнинг юзига қарата ўқ узади.

Степиен оғир аҳволда касалхонага келтирилади. Қутқаришнинг иложи йўқлиги маълум бўлгач, қариндошлари унинг тана аъзосини донорлик дастури бўйича топширишга қарор қилишади.

Жиноятчи 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади, Степиеннинг юраги эса Нью-Жерсилик Артур Томасга насиб этади. Воқеадан 16 йил илгари Артур Томасга вентрикуляр тахикардия ташхиси қўйилган эди. Сурункали юрак етишмовчилигидан азият чеккан Томасга донор юрак топилгани ҳақида хабар юборилганда, у ўлимни бўйнига олиб бўлганди. 

Степиеннинг юраги топширилган донорлик маркази юрак кўчириб ўтказилган одам билан уларнинг мулоқот қилишига қаршилик кўрсатмаган. Шунинг учун ҳам Жени отасининг юраги кўчириб ўтказилган Артур Томас билан электрон почта орқали хат ёзишиб турган.

33 ёшли Жени 34 ёшли Пол Мэннер (Paul Maenner) билан никоҳдан ўтаётганда, ҳеч қачон кўришмаган, отасининг юраги кўчириб ўтказилган Артур Томас уни меҳробга элтишини ният қилган. Томас ҳам ўз навбатида қизининг рухсати билан унинг таклифига розилик берган.

Никоҳ маросими 5 август куни жиноят содир этилиб, Женининг отаси ўқ еган жойдан бир неча квартал нарида жойлашган Сиуссвейл шаҳар черковида бўлиб ўтган. Кўчирилган юрак орқали танишиб, бирлашган икки оила ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашга, алоқани узмасликка ваъдалашган. 

Бу воқеа АҚШ да катта шов-шувларга сабаб бўлди. Никоҳ маросимида ABC News телеканалининг съёмкачилар гуруҳи ҳам иштирок этган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!