Наманган туманида жорий йилда 16 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинади

16:27, 10 август

Наманган вилоятида 15 минг 700 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти самарали фаолият юритмоқда. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 68,2 фоизи, саноат маҳсулотларининг 32,5 фоизи ушбу корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Улар томонидан 80 га яқин турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Наманган туманида ҳам саноат изчил ривожланмоқда. Айни пайтда туманда 280 дан ортиқ саноат корхонаси фаолият кўрсатиб, жорий йилнинг ўтган даврида улар томонидан 189 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Тумандаги 16 корхонада экспорт амалиёти йўлга қўйилган. Улар томонидан ташқи бозорга тиббиёт пахтаси, асал, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. 

Туманда юқори сифатли маҳсулотлари билан дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаётган экспортчи корхоналар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. “Идеал” савдо белгиси остида замонавий костюмлар ишлаб чиқарилаётган “Истиқлол”, “Aisha Home Textile”, “Асрор текстиль саноат”, “Element paint”, “Хумо дизайн сервис”, “Нафис техгроиф” , “Маъсуд текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари, “Unliver Chimikcal”, “Golden Silk” каби қўшма корхоналар шулар жумласидандир. Кийим-кечак, момиқ сочиқ сингари юздан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрланаётган бу корхоналар туман ижтимоий-иқтисодий ривожига, саноат, экспорт салоҳияти юксалишига катта ҳисса қўшмоқда. 

“Тошбулоқ-Текс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасида кунига 16-18 тонна пахта толаси қайта ишланиб, юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг 80 фоиздан зиёди экспортга йўналтирилмоқда. 

“Ностандарт” ишлаб чиқариш корхонаси ўзининг рақобатбардош маҳсулотлари билан истеъмол бозорига дадил кириб бораётган тадбиркорлик субъектларидан. 

“Мерримедфарм” қўшма корхонасида 20 дан ортиқ турдаги импорт ўрнини босувчи дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ушбу маҳсулотни четдан келтириш муаммосини бартараф этиш ва валюта тежашда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. “Асадбек ғишт саноати” корхонасида ишлаб чиқарилаётган 20 турдаги миллий ўйинчоқлар ички бозорнинг бундай товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Мухтасар айтганда, тумандаги 16 корхонада экспорт амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда улар томонидан 16 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Шу йилнинг ўтган даврида экспортчи корхоналар сафи “Мадина Муаззам”, “Асрор текстиль”, “Агро экспорт”, “Софбол савдо”, “Альфа” каби янги корхоналар ҳисобига янада кенгайди. Улар томонидан ташқи бозорга тиббиёт пахтаси, галстук, асал, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!