Қатар – Ўзбекистон учрашувини баҳрайнлик Али Ҳасан Иброҳим Абдулнаби бошқариб боради

22:48, 10 август

2018-йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига учинчи саралаш босқичининг  “А” гуруҳи 2-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 сентябрь куни сафарда Қатарга қарши баҳс олиб боради. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ушбу ўйинни баҳрайнлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Учрашув бош ҳаками сифатида ФИФА рефериси  Али Ҳасан Иброҳим Абдулнаби тайинланди. Унга қанотларда Муҳаммад Жафаар Муҳаммад Салмон ва Наваф Шахин Ҳалифа  Муса ёрдам беради.

Тўртинчи ҳакам вазифаси Абдулҳусин Жамил Жумага юклатилди. Ҳакамлар назоратчиси фаластинлик Микаэль Ҳанания бўлса, комиссар – Чин-Фан Чуанг (Хитой Тайпейи).

Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашув 6 сентябрь, Доҳа шаҳридаги “Жассим бин Ҳамад” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.

Жаҳон чемпионати–2018 турнирининг учинчи саралаш босқичига тайёргарлик кўраётган Самвел Бабаян мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 август куни навбатдаги йиғинга киришади.

Йиғин доирасида миллий терма жамоа 24 август куни Буркина-Фасо термасига қарши Тошкентда ўртоқлик учрашувини ўтказади. Мазкур ўйин “Пахтакор” стадионида, соат 20:00 да бошланиши режалаштирилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!